Республика Соғлиқни сақлаш вазирининг 2016 йил 20 январдаги «Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги барча бош­қарув аппарати, тиббиёт даволаш-профилактика ҳамда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, ташкилот, корхоналардаги ходим ва талабаларнинг тиббий деонтологияси ва маданияти тўғрисида»ги 34-сонли буйруғи ва шу ҳақдаги Низомнинг тасдиқланиши замирида ҳам соҳа ходимларининг юксак маънавиятини таъминлашдир.

Вилоятимизга ташриф буюрган вазирликнинг Мониторинг гуруҳи мазкур масалани ўрганди. Тиббиётчиларнинг бевосита ўз фаолияти ҳам ички ва таш­қи дунёси гўзаллиги уйғунлигига эришиш борасида барча даволаш-профилактика муассасаларида олиб борилаётган ишлар билан қизиқишди. Айни маҳалда такомиллашган маънавий-маърифий тадбирларимизда гуруҳнинг раҳбар ва аъзолари фаол қатнашиб, тар­ғибот-ташвиқотимиз таъсирчанлигини таъминлашимизга бевосита кўмаклашишди. Фойдали услубий йўл-йўриқ ва тавсиялар беришди.

Бошқарманинг Маънавият ва маърифат Кенгаши йиғилишига вилоятдаги шаҳар ва туманларнинг тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари ихтисослашган даволаш-профилактика муассасалари, марказлар раҳбарлари таклиф этилиб, улар билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 августдаги "Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида"ги ПҚ-451-сонли ҳамда 2014 йил 6 февралдаги "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-2124-сонли қарорлари асосида олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди.

ВССБ бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов Кенгаш йиғилишини очар экан, юқоридаги икки муҳим масала бугунги кун учун долзарб аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлади. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги Мониторинг гуруҳи раҳбари, Тошкент фармацевтика институти ижтимоий фанлар кафедраси мудири Камолиддин Исмоилов, гуруҳ аъзоси, Ангрен тиббиёт коллежи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Фахриддин Ўсаровлар эса тарғибот-ташвиқот тадбирларини ҳаёт билан ҳамоҳонгликда уюштириш масаласига батафсил тўхталдилар.

Дарҳақиқат, Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш, хал­қимиз, айниқса ёш авлод онгу шуурига она юртга муҳаббат, истиқлолга садоқат туйғуларини чуқур сингдириш тобора беқиёс аҳамият касб этаверади. Инсонларнинг аввало, жисмонан саломатлигига, қолаверса, айни замонда руҳан, қалбан покланиб боришига оқ халатли саломатлик посбонларининг масъуллиги кундан кунга кучайиб борса борсинки, асло сусаймасин. Сабаби, одамлар шифокорларга чинакамига ихлос қўйишади, ишонишади. Щатто комиллик бобида улардан ибрат олишади. Тинчлик-ҳушёрлик ва огоҳлик туфайлигина барқарор бўлишини ҳеч ким, ҳеч қачон унутмаслиги керак.

Йиғилишда Республика Соғлиқни сақлаш вазирининг 34-сонли буйруғи билан тасдиқланган «Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги барча бош­қарув аппарати, тиббиёт даволаш-профилактика ҳамда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, ташкилот, корхоналардаги ходим ва талабаларнинг тиббий деонтологияси ва маданияти тўғрисида»ги Низомни бошқарма бош ҳамшираси Райҳона Мансурова слайдлар орқали бандма-банд шарҳлаб, тушунтирди. Эндиги вазифа тарғиботдан амалиётга ўтиш барча раҳбарларнинг бу борадаги ташкилотчилиги, ташаббускорлиги ва доимий назорат ўрнатишларига боғлиқ эканлиги алоҳида уқтирилди.

Вазирлик ишчи гуруҳи аъзолари вилоят тиббиёт муассасаларида кечаётган "Маънавият ва маърифат ойлиги" доирасидаги маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этдилар. Жумладан, Тошкент фармацевтика институти ижтимоий фанлар кафедраси мудири, доцент Камолиддин Исмоилов Чортоқ туман тиббиёт бирлашмасида, Ангрен тиббиёт коллежи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Фахриддин Ўсаров Мингбулоқ туман тиббиёт бирлашмасида, Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институти катта ўқитувчиси Мамарозиқ Тоғаев вилоят юқумли касалликлар шифохонасида, 1-республика тиббиёт коллежи тарих фани ўқитувчиси Кўклам Дўстиматов вилоят тиббий диагностика марказида, Тошкент шаҳридаги Чилонзор тиббиёт коллежи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилрабо Акбархўжева вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказидаги тадбирларда тиббиёт ходимларининг маънавиятини юксалтиришга оид маърузалар билан чиқдилар.

Ўз мухбиримиз.