Ушбу Қонун қуйидаги асосий вазифаларни ҳал этишга қаратилган:
- халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тегишли ҳуқуқий муносабатларини қонунчилик йўли билан тартибга солиш тажрибасини инобатга олган ҳолда дори воситалари ва фармацевтика фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш;
- фуқароларнинг саломатлигини ва дори воситаларини, тиббий буюмларни қўллаш хавфсизлигини таъминлашни устувор вазифа сифатида белгилаб олиш;
- соғлиқни сақлашнинг фармацевтика сектори ривожланишига ҳалақит бераётган ортиқча маъмурий тўсиқларни бартараф этиш.
Маълумки, халқаро амалиётга мувофиқ ҳар бир давлат ўз фармакопеясига эга бўлиши, уни тасдиқлаб, чоп этиши керак. Янги таҳрирдаги Қонун "давлат фармакопеяси дори-воситаларига ва тиббий буюмларга доир талабларни, умумий фармакопея мақолаларини, воситаларининг ва тиббий буюмларнинг сифатини назорат қилиш усулларини ўз ичига олган ҳужжатлар тўплами бўлган расмий нашрдир" деган 8-модда билан тўлдирилган. 9- модда нормаларида ҳам янгиликлар акс эттирилган. Унда фармакологик воситаларнинг ёхуд тиббий буюмларнинг клиникадан олдинги тадқиқотларни ўтказиш тартибини белгилаб берган. Бунда уларнинг хавфсизлигини ўрганиш назарда тутилган.
Қонуннинг 13-моддасида фармакологик назорат тушунчаси ва уни ўтказиш тартиби белгилаб қўйилган. 15-моддасида фармацевтика фаолиятининг йўналишлари кўрсатилган. 21-моддасида дорихоналар тушунчаси ва улар фаолияти тартиби ифода этилган. Ушбу нормага мувофиқ дорихона, дори воситаларини ва тиббий буюмларни реализация қилишни, шунингдек, уларни тайёрлашни амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахс шаклида ҳам, юридик шахснинг таркибий бўлинмаси шаклида ҳам ташкил этиш мумкин.
Қонуннинг 25-моддасида белгиланган нормага кўра, дори-воситаси ва тиббий буюмларни қуйидаги ҳолларда давлат рўйхатидан ўтказмасдан ҳамда божхона расмийлаштирувисиз олиб кириш ва олиб чиқишга рухсат берилади:
- мамлакатда бўлиш даврида жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган бўлса;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ҳудудидан ташқарида яшаб турган беморни даволаш-профилактика муассасаси томонидан тасдиқланган тиббий кўрсатма асосида, даволаш курси доирасида даволаш учун мўлжалланган бўлса;
- дипломатик ваколатхоналарнинг ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарнинг дипломатик ҳамда маъмурий- техник ходимлари, шу жумладан улар билан бирга яшаб турган оила аъзоларининг шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган бўлса;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган ёки унинг ҳудудидан чиқиб кетаётган транспорт воситаларининг йўловчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган ва тиббий дорилар қутичаси таркибига киритилган бўлса.
Янги таҳрирдаги Қонун амалга кирар экан, у халқимиз соғлигини мустаҳкамлашга самарали хизмат кўрсатади.