Замон талаблари даражасида жиҳозланган хонамизда маънавият анжуманларининг мазмундор ва таъсирчанлигини таъминлаш учун барча қулайликлар муҳайё. Энг муҳими, олимлар, шоир ва ёзувчилар, соҳамиз илғорлари билан учрашув-мулоқотларимиз барчага маъқулу манзур. Ахир тиббиётчиларимиз фақат тингловчи бўлиб ўтиришмайди. Воизлар билан фаол мулоқотга киришишади. Савол-жавоблар тадбирларимизни жонлантиради, эсда қоларли таассуротлар уйғотади.
Истиқлолли юртимиз йигирма беш йил давомида асрларга татигулик ўзгаришлардан гуллаб-яшнамоқда. Бу бунёдкор халқимиз не ишларга қодирлигини амалда намоён этишига кенг имкониятлар яратиб қўйилаётганининг ёрқин самарасидир. Президентимиз Ислом Каримовнинг "Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш-энг олий саодатдир" китоблари тақдимотидан сўнг тиббиётчиларимизнинг янги асарга қизиқишлари янада ортди. Айни маҳалда тарих фанлари номзоди, доцент Бахтиёр Исоқов китобнинг мавзулари бўйича "Маънавият соатлари"да ўқиб-ўрганишимизга яқиндан кўмаклашмоқда.
Шунингдек, халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Юртбошимиз сўзлаган нутқдан келиб чиқадиган вазифаларни жамоамизга атрофлича тушунтирганмиз. Давлатимиз раҳбарининг Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаларини тинглаб, матбуот нашрларидан ўқиб, унда илгари сурилган дастурий тавсияларни врачлардан тортиб, ҳамшира-ю, ўрта тиббиёт ходимларигача етказиш тарғиботини кучайтиряпмиз.
Феврални маънавият ойлиги сифатида ўтказиш анъанага айланган. Биз икки буюк бобомиз - Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий мероси билан тиббиётчилар маънавиятини бойитишга алоҳида эътибор қаратамиз. Навоийхонлик ва бобурхонликларни юқори савияда ташкиллашга эришамиз.
Раҳимжон Абдуллаев,
вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачининг
маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси.