- Сиз элга таниқли қандолатчисиз, кейинги пайтларда анча дард тортганингиздан бохабармиз. Лекин ҳали ҳануз тиниб-тинчимайсиз. Бунинг боиси нимада? - дея суҳбатга чорладик ҳожи отани.
- Қарийб қирқ беш йилдан бери бир касбда меҳнат қилиб асло камлик кўрмадим. Тўрақўрғон ва Поп туманлари аҳолисига қандолат маҳсулотлари тайёрлаб бериш билан бир вақтда вилоят ва республика ҳунармандлар танловларида кўп бор ғолиблар қаторидан ўрин олиб келдим. Ҳозир ҳам сира бўшашмаётганимнинг сабаби, аввало, касбимга меҳру садоқатим баландлигида, қолаверса кутилмаган артирит, полиартирит хасталиги туфайли қўл ва оёқ ҳаракатларим анчагина қийинлаша бошлаганига қарамай, шифокорларнинг юқори малакали тиббий муолажаларидан сурункали баҳрамандлигимдан, албатта. Улар ғамхўрлик қилишмаганида кўрпага михланиб қолишим мумкин эди-да. Юрагимдаги орзу-истакларим армонларга айланмагани ўшаларнинг сернаф муолажаларидан деб биламан. Ҳар бирларини миннатдорчилик билан тилга олгим келаверади.
- Кимларни?
- Биринчи галда тўққиз йилдан буён танамдаги бодни даволаб, аҳволимни енгиллаштираётган Намангандаги "Софдил" масъулияти чекланган жамияти врачи Қутбиддин Шерматов чинакамига ўз соҳасининг жонкуяри эканлигини алоҳида таъкидлашим жоиз. Кейин эса Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси врачлари Э. Абдуворисов билан Б. Нажмиддиновлар томография текширувидан ўтказишиб, энг зарур тавсияларни беришди. Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг имтиёзли йўлланмаси билан вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг ревматология-пульмонология бўлимида Н. Бобоевдан муолажалар олганман. Яна Тошкент тиббиёт академияси клиникасида профессор М. Каримов раҳбарлигида З. Еримбетов ва Х. Нурметовлар даволашди. Ниҳоят қўлтиқ таёқни ҳам, ҳассани ҳам ташлаб юрадиган ҳолатга етказишди.
- Хориждаги тиббиёт муассасаларида ётганингизни ҳам биламиз. У ерларда қандай қарашди?
- Саволингиз жуда ўринли. Кўп жойда даволанган инсон барибир таққослаб кўриши табиий. Мен аввалроқ Хитойнинг Урумчи, Россиянинг Сургут шаҳарларидаги зўр дўхтирларгача учрадим, уларнинг муолажаларидан озми-кўпми нафландим-у, бироқ ўзимизнинг Ўзбекистонимиздаги шароитлардан тортиб врачларнинг малакасию, энг замонавий аппаратлар текширувигача ҳаммасидан афзаллигини кўриб, ич-ичимдан қувондим, фахрландим. Ҳеч қайси юртда халқ саломатлигига эътибор биздагичалик юқори эмаслигига яна бир карра иқрорлигим ортди. Саломатлигим анча тиклангач, ўтган йили ҳаж зиёратига боришимга имконият туғилди. Ана ўша ерда бизнинг юртдошларимизга алоҳида эҳтиромни кўриб ҳайратга тушдим.
- Зиёрат чоғида қийналмадингизми?
- Соғлигимни назарда тутиб айтаяпсиз-да. Тўғриси, ёнимизда кечаю-кундуз врачлар ҳозиру нозирликлари туфайли ўзимизни хотиржам тутдик, зарур пайтларда муолажалар олиб турдик. Бизларга бириктирилган шифокорлар нафақат ҳол-аҳвол сўрашарди, балки соғлигимизни мунтазам назорат қилиб, ёнимизда бирга-бирга юришарди. Уларнинг беминнат, сидқидил хизматларидан ҳайрату ҳаяжонга тушмай иложимиз йўқ эди. Вилоят кардиология маркази врачи Ҳамидхон Каримовнинг меҳрибончиликларини асло унутиб бўлмайди.
Айниқса, Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юборилган тиббиёт мутахассислари гуруҳининг хизматлари ғоят олқишларга сазовор. Уларни номма-ном айтмасам бўлмайди. Тошкент тиббиёт академиясининг 1-клиникасидан Равшан Аҳрорович Ҳусанов, Тошкент "Тез тиббий ёрдам" марказидан Ботир Жўраевич Азимов, "Ўзбекистон" диагностика марказидан Қурол Мамараимов, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидан Абдувоҳид Қаҳрамонович Аҳмедов, Маҳмуд Эркинович Сапаров, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдулходи Муҳиддинович Иминов сингари шифокорлар 25 кун ёнма-ён туришди. Нафақат менинг, юзлаб, минглаб юртдошлари саломатлигининг чинакам сергак посбонларига айланишди, десам сира-сира муболаға эмас.
«Ҳў, ҳожи ака, кўп юраверманг», - дейишарди зиёратдошларим барча соғлом кишилар сингари чаққон ҳаракатларимдан ҳайратга тушишиб. Ёнимизда шифокорларимим бор, кўнглим тўқ, дердим қувониб беихтиёр.
Ҳаётимдаги ўша энг унутилмас дамлар мен учун, ўзбекистонлик оддий қандолатчи ҳунарманд учун кўнглимни бетугал шукроналик ҳисларига ҳамиша тўлдиргани тўлдирган. Шундай саодатли Ватаннинг саодатли халқи қаторида юртимизга, Юртбошимизга доимо омонлик, мустақиллигимизга абадийлик тилаб, кеча-ю кундуз дуодамиз. Тинчлик-хотиржамлигимизга сираям кўз тегмасин. 2016 йил - "Соғлом она ва бола йили" янада улуғ ишларимизга ривож, қутлуғ қадамларимизга барака бераверсин!
- Ҳа, эшитдимки, боғ яратмоқчи экансиз?
- Яқинда Кенқўлсой адирликларидан ер олдик. Худо хоҳласа, Наврўз айёмида ниҳоллар ўтқазамиз. Эл-юрт дастурхони ноз-неъматларга янада бой бўлишига ҳисса қўшишдан савоблироқ иш қаерда, ука?!
- Сизга "Қойил!" демоқдан ўзга иложимиз йўқ. Ишларингиз ёш авлодга ҳозиргача ҳам ўрнак эди, бундан буён ҳам шундай бўлиб қолаверсин!
Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.