Шу ўринда биз ихтисослашган тиббий муассаса фаолиятини янада тушунарлироқ ёритиш учун эндокринологик касалликлар тўғрисида мухтасар илмий маълумотларни келтиришни мақсадга мувофиқ деб билдик. Аввало, "Фалончи қандли диабетга чалинибди" деган сўзларни эшитамизу, бу хасталикнинг қандайлиги ҳақида ўйлаб қоламиз. Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясида ёзилишича, диабет юнонча сўз, ўтаман, ўтиб кетаман деган маънони англатади. Кўплаб сийдик чиқиши билан давом этадиган ҳар хил касалликларнинг умумий номи. Айниқса қандли диабет кўпроқ учрайди. Номи ширин бўлгани билан азоби аччиқ хасталик эканлигини билиб қўймоқ, унинг олдини олмоқ жуда фойдали-ю, афсуски ҳар икки инсондан бири ўзининг шу касаллик билан оғриётганини сезишга ожиз. Қачонки шифохонага ётганида кўзи ялт этиб очилади. Ана ўша пайтдан бошлаб эндокринологлар бундайларнинг жонига оро киритишади. Қандли диабет ташхиси қўйилишиданоқ зудлик билан даво чоралари қўлланилади. Асосий муолажалардан бири инсулинни ташқаридан киритишдир. Чунки, беморнинг инсулин ишлаб чиқарувчи ошқозон ости безининг ҳужайралари фаолияти сустлашади-да...

Ана энди нима қилиш керак. Тўғри, қандли диабетдан беморларни бутунлай фориғ этиш амри маҳолу, улар умрини узайтиришнинг чора-тадбири шу шифохонада амалга оширилади. Аниқроғи, вақти-вақти билан, такрор-такрор муолажалару, соғлом турмуш тарзидан сабоқ бериш, кичик жамоа зиммасидаги катта вазифалардир. Бугун баралла айта оламизки, улар бунинг уддасидан тўла-тўкис чиқишга қодирлар.

- Диабетга чалинган беморларга турмуш тарзини қандай юритиш, ўз ўзини назорат қилиш, касаллик ва унинг оқибатлари хусусида кенг кўламли тушунчалар бериш учун муассасамизда диабетлар мактаби ташкил этганмиз, - дейди машғулотлар мутасаддиси врач Наифа Абдумажидова. - Қонда глюкозанинг сурункали ошиши инсон ҳаётининг сўнгига қадар давом этадиган бу дардни бош­қаришда фақат шифокоргина эмас, у берган тавсияларга беморнинг изчил ва тўғри амал қилиши кутилган ижобий натижалар беради. Ахир қондаги қанд миқдори беморнинг қандай овқатланишига, нималарни истеъмол қилишига, кайфиятига узвий боғлиқ.

Диспансердаги диабетлар мактаби фаолиятининг самарадорлиги даволашда эришилаётган кўрсаткичларда аниқ намоёнланаётир. Беморларнинг ўзини ўзи назорат қилишга ўргатилиши, ҳар кунги қанд миқдорини глюкометр билан ўлчаши, овқатланиш режаси, оёқларнинг махсус парвариши, руҳий осойишталикка эришиши масаласи алоҳида эътиборда туради. Керакли ва етарли жиҳозларга эга ёруғ ва шинам хоналарда врачу ҳамшираларга бемалол фаолият юритишлари учун барча шароитлар муҳайё. Шу боис ҳам беморлар уларнинг манзур хизматларидан керагича баҳрамандланиб, кўнгилларида зўр мамнуният ҳисларини туюшгани туюшган.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, диа­бетни тўла маънода касаллик деб аташдан кўра, турмуш тарзи эканини таъкидлаш ҳам жоиз. Яъни хасталикка чалинган киши мунтазам соғлом турмуш тарзига риоя этса, ўзига ниҳоятта эътиборли бўлса, ҳар қандай нотабиий белгиларни ўз вақтида олдини олса, шифокор маслаҳатларига қатъий амал қилса, беморнинг ҳаётига хавф солувчи аслига келмас асоратлар рўй бермаслиги, келгусида ундан етук олимлар, спортчилар, не-не истеъдод соҳиблари чиқиши мумкин. Диспансердаги мактаб сабоқлари шунга замин яратиши жиҳатидан ғоят қимматли, ғоят аҳамиятли.

- Ўн йилдан буён диспансер назоратидаман, ҳар йили шифохонада даволаниб кетяпман, - дейди Саидахон Аҳадова. - Солихон ака Қосимов ғоят тажрибали врач эканлар, у кишининг тавсияларига қулоқ тутиб, асло кам бўлмадим. Касаллигим зўрайишига йўл қўймаяпман. Ҳар гал ётганимда аҳволим яхшиланиб, оилам бағрига қайтаётганимда шундай нажоткорларимиз борлигига мингдан-минг шукроналар айтаман.

Шифохонанинг "Қайдномалар" дафтари дил изҳорларига тўла. Ундан турли ёшдаги беморларнинг миннатдорчилик битикларини ўқиш мумкин.

- Бу сафарги келишимизга палатамиз чиройли таъмирланиб, янги кроватлару, янги ўтиргичлар қўйишибди. Ошхонадаги овқатлар жуда мазали, дори-дармонлар етарли. Бош врач Баҳриддинга катта раҳмат! - деб ёзибди Тоҳиржон ота Алишеров.

- Дардларига даво топган Абдуқаюм Аҳмадалиев, Муҳаммад Мингбоев, Дилбархон Ҳусанова, Абдуқодир Зиёев, Абдуллахон Каримовалар эса Луқмонжон Бобомирзаев, Абдуғани Дадамирзаев, Гулноза Тошкентбоева, Муборакхон Охунова каби врачу ҳамшираларнинг ғамхўрликларига ол­қишлар ёғдиришган.

Ҳатто бемор Муяссар Темирова юрагидаги гапларини ҳаяжонини шеърга солиб изхорлаган:

Бу кошона уйимдир гўё,

Дўхтирлари ота-ю онам.

Соғлик бўлса, гўзалдир дунё.

Қадрлидир одамга одам.

Бош шифокор чиндан бунёдкор,

Хушманзара ҳовлиси обод.

Ёнларида ҳамма фидокор,

Биз соғ бўлсак-улар доим шод.

Эътирофлар беҳад ўринли. Аввал ҳам диспансерга келганлар бугун унинг қиёфаси янада гўзал ва кўркам тусга киритилганини пайқамасдан иложи йўқ. Негаки қисқа фурсатдаги ўзгаришлар дарвоза остонасидан ичкарига ҳатлаганингиздаёқ кўзга ташланмасдан қолмайди. Юксак дид, пухта режа билан қилинган ҳар бир иш ҳовлига ғоят обод ва кўркам қиёфа бағишлаб туради.

Дарҳақиқат, ташкилотчи ва ташаббускор бош врач Баҳриддин Сиддиқов бундан икки йил муқаддам янги вазифани ўз зиммасига олгач, мавжуд шарт-шароитларни янада яхшилаш, диспансер моддий-техника базасини тобора мустаҳкамлаш ва кўкаламзорлаштириш каби масалаларга жиддий эътибор қаратди. Чунончи, рўйхатхона тўла таъмирланди. Бўлимлардаги 110 та кроват янгисига алмаштирилди. Иситиш тизими қиш фаслида узлуксиз ишлаши учун қозонхона сифатли таъмирланди, эскирган қозондан воз кечилиб, энг замонавийси ишга туширилди. Электр токи таъминотини узлуксиз қилиш мақсадида генератор келтирилиб, ундан зарур пайтларда фойдаланиш йўлга қўйилди.

Биз кеч куз кунлари диспансерда бўлган чоғимизда мўъжаз-мўъжаз гулзорларни, кўм-кўк майсали майдончаларни, ҳатто дарахтлар остидаги соя-салқин жойда парҳез таом тайёрланадиган таъмаддигоҳни кўриб, барча ўзгаришлар бир-бирига мутаносиб ҳолатда қилинганини англаб етдик. Беморлар манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган яна бир қулайлик-фитобарнинг ташкиллангани эса айни муддаодир. Маъмура Ғаффорованинг дамламаларига эҳтиёжмандлар сафининг тобора кенгаяётгани доривор гиёҳларнинг сернафлигини беморлар яхши тушунаётганидан, албатта. Фитобарда 18 хил гиёҳли чой тайёрланяпти-да. Наъматак, мойчечак, макка попуги, ромашка, қичитқи ўт, дала чой, раъногулларнинг дамламаларига гап йўқ. Сабаби, улар турли хасталикларни инсон танасидан қувиш қувватига эга. Турли хасталикларни деганимизда таажжубланмангки. Диспансердаги эндокринологлар ёнида неврологлар, офтольмологлар, гинекологлар ва стоматологлар ҳам иш олиб боришади. Ахир қандли диабетга чалинганларнинг асаблари кўзлари ва тишларигача салбий ўзгаришларга мо­йиллиги ҳисобга олинганидан шундай қилингандир.

- Вилоятимизда 42 та эндокринолог врачлар беморлар хизматида,-дейди диспансер бош врачи Баҳриддин Сиддиқов. Улар қандли диабет, буқоқ хасталиклари ва яна ошқозон ости ва умуман ички секреция безлари фаолияти бузилишларига мубтало бўлганларни туманлар ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари тизимидаги поликлиникаларда ҳисобга олишган, назорат изчиллигини таъминлашган. Соғ­лиқни сақлаш бошқармасининг бош эндокринологи сифатида соҳадош ҳамкасбларимни билим ва малакасини муттасил ошириш тадбирларини ўз вақтида кўряпман. Ўтган йили июнь ойида Тошкент врачлар малакасини ошириш институти эндокринология кафедраси мудири, профессор Гулнора Нишоновна Раҳимовани шифохонамизга таклиф этдик. Бир ой давомида умумий амалиёт шифокорлари ўқуви олиб борилди. Ўйлайманки, йиллик даволаш кўрсаткичларимиз юқорилашида бу тадбирнинг таъсири катта бўлди.

Биз бош врачдан илғор шифокорлар ҳақида сўраганимизда, даставвал ёши улуғлардан- Солихон Қосимов, Аҳмаджон Акбархўжаев, Гулмира Пўлатова, Дилором Эгамбердиеваларнинг номларини алоҳида хурмат билан тилга олди. Врач Матлуба Қодированинг тарғибот фаоли сифатида, Нилуфар Турдиалиевани серғайрат ёшлар қаторида мақтади. Бош ҳамшира Дамира Абдумажидова бўлса Зарифа Бобожонова, Алишер Раҳимов, Муборак Охуноваларнинг беморлар олқишига сазоворлигидан фахрланди. Ўзимиз эса диспансерда ҳамманинг ўрни борлигини, айниқса, Тоҳиржон Шокиров, Мусохон Ҳамидов, Баҳодир Давлатов, Абдуллахон Абдулҳаевлар ҳам беморлар олқишига сазоворлигини кўриб билдик.

2016 йилнинг - "Соғлом она ва бола йили"нинг юксак масъулияти илғор жамоани эл соғлиги йўлида бунданда яхшироқ, бунданда фаолроқ ишлаш иштиёқини кучайтираётгани шубҳасиз. Кузатилган йилда 5000 нафардан зиёд беморни врачлар қабул қилишган, 60 минг нафарга яқин кишини тиббий кўрикдан ўтказишган. Янги йилда ундан ҳам кўпайтириш ҳаракатига тушганлар. Намунали фаолият - ибратли натижада акс этавериши аниқ.

Содиқ Сайҳун.