Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолини репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш борасидаги давлат дастури тўғрисида"ги ПҚ-2221-сонли қарори бўйича тарғибот-ташвиқот тадбирларининг ўзиёқ кенг қамровли эканлигини алоҳида таъкидлашимиз жоиз. Вилоятдаги касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва маҳаллаларда "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фондининг Наманган вилоят ҳудудий филиали томонидан 383 та семинар-тренинглар ташкилланди. Уларда "Соғлом оилани шакллантириш", "Соғлом турмуш тарзининг асосий босқичлари ва муаммолари", "Репродуктив саломатлик", "Йод танқислигининг олдини олиш", "Эрта никоҳнинг салбий оқибатлари" каби мавзулар доирасида олиб борилди. Йил давомидаги учрашув-суҳбатларда эса ОИТС хавфининг, гиёҳвандликнинг олдини олиш каби долзарб муаммоларга эътибор қаратилди.
Иқтидорли болаларни қўллаб-қуватлаш мақсадида мактаб, коллеж ва лицейларда "Санъат ғунчалари", "Ер куррасида тинчлик" танловлари уюштирилди.
Вилоятимиздаги ногиронларни ижтимоий ҳимоялаш диққат марказимизда турди. Республикадан берилган 30 та ногиронлар аравачалари туманлар ва шаҳар ҳокимликлари, хотин-қизлар қўмиталари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси билан ҳамкорликда хайрия тариқасида эҳтиёжмандларга етказилди.
Умумхалқ байрамларига бағишлаб филиал ташаббуси билан "Соғлом авлод маликаси", "Отам,онам ва мен", "Қизларжон", "Соғлом бола", "Соғлом авлод Наврўзда сиз билан" сингари кўнгилочар маданий-маърифий тадбирларни ташкиллашни анъанага киритганмиз. Айниқса, 1 июнда "Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни" муносабати билан "Ҳар бир фарзандга меҳр-эътибор" шиори остида Бобур номли истироҳат боғида кам таъминланган оила фарзандлари, чин етимлар ва ногирон болаларга "Соғлом авлод шоуси" ўтказилди.
Филиалимизнинг тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси мутахассислари Поп, Чуст, Тўрақўрғон, Чортоқ, Уйчи, Косонсой, Норин, Мингбулоқ, Учқўрғон, Уйчи, Наманган туманларида ва Наманган шаҳрида 68 та қишлоқ ва 391 та маҳаллада яшовчи кам таъминланган оилалардаги 21 минг нафардан зиёд туғиш ёшидаги аёллар ҳамда болаларни, ўсмирларни тиббий кўрикдан ўтказди. Тадбир давомида 24.257 ўрам мурувват дорилари берилди, буклетлар тарқатилди.
Шунингдек, Республика "Соғлом авлод учун" хайрия фондидан келтирилган 41,1 миллион сўмлик, яъни 5 тоннаю 928 кило қуритилган сабзавотлар аралашмасини Попдаги "Мурувват уйи"га, Мингбулоқдаги 2-вилоят сил касалликлари диспансерига, Учқўрғондаги 40-кар болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат сингари муассасаларга мурувват ёрдами сифатида етказилди. Болалар учун ёзги ва қишки пойафзалларни вилоятдаги барча мактаб-интернатлар тарбияланувчиларига туҳфа қилинди.
Хориж грант маблағлари ҳисобидан соғломлаштириш дастурлари амалга оширилди. Вилоятимиздаги 32 нафар ногирон болалар Германия давлатининг тиббий клиникаларида даволатилди. Айни маҳалда Поп, Янгиқўрғон, Норин туманлари ва Наманган шаҳрида яшовчи 5 нафар бола ўша ёқда муолажа олишни давом эттиришмоқда. Бундан ташқари лаб-танглай нуқсони бўлган 334 нафар, "Чиройли оёқчалар" касаллик лойиҳаси бўйича 195 нафар ногирон ўғил-қизчаларни соғломлаштиришга эришилди.
"Соғлом она ва бола йили"да фаолиятимизни янада фаоллаштираверамиз. Мақсадимиз ягона, яъни эртанги кунимиз эгаларини соғлом улғайишига яқиндан кўмаклашишдир.
Хайрулло ОртиҚов,
"Соғлом авлод учун"
хайрия фонди Наманган филиали директори.