Вилоятимиздаги тиббиёт муассасаларининг, жумладан, перинатал ва скрининг марказларнинг моддий-техника базасини яхшилаш, кадрлар салоҳиятини янада мус­таҳкамлаш, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг иш самарадорлигини ошириш, патронаж тиббиёт ҳамшираларини кўпайтириш, акушер-гинекологлар ва болалар шифокорлари малакасини оширишга эътибор янада кучайтирилади.

Албатта, туғруққа ёрдам берувчи ва болаларга хизмат кўрсатувчи муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ишлари давом эттирилади. Наманган шаҳар ҳамда Косонсой, Наманган, Уйчи, Тўрақўрғон, Поп туман тиббиёт бирлашмалари биноларини ре­конс­трукция қилиш ишлари режалаштирилган.

Янги йилда барча туғруққа ёрдам кўрсатувчи муассасалар замонавий тиббий аппаратуралар билан таъминланади. РШТЁИМ вилоят филиали негизида болалар шошилинч кўз ва шошилинч лор касалликлари бўлимлари ташкил этилади.

Аҳоли ўртасида туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш борасида вилоят "Она ва бола скрининг" маркази генетик мутахассислари замонавий технологиялар бўйича маҳаллий базаларда малакаларини оширадилар. Бирламчи тиббиёт муассасаларида оналар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат самарадорлигини ошириш мақсадида шаҳар ва барча туманларнинг марказий поликлиникалари тўлиқ оилавий поликлиникалар тизимига ўтказилади.

Никоҳга қадам қўяётган шахс­лар никоҳдан олдин тўлиқ тиббий кўрикдан ўтадилар. Бунинг учун тиббиёт ходимлари мустаҳкам оила қуриш ва соғ­лом фарзанд туғилишида никоҳолди тиббий кўригининг ўта муҳимлигини аҳолининг кенг қатламлари орасида мунтазам тушунтириб борадилар. Репродуктив ёшдаги аёллар орасида касалликларни ташхислаш ва даволаш учун юқори технологик усуллардан фойдаланилади.

Бемор чақалоқларга, болаларга ва ўсмирларга юқори малакали ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатиш юқори технологик диаг­нос­тик усуллар билан амалиётда қўлланилади. Туғма нуқсонли болаларда реконструктив-тиклаш, эндоваскуляр операциялар ўтказиш, юрак нуқсонлари билан туғилган болалар операцияси амалга оширилади. Ҳомиладор аёлларнинг соғлиғини ва психофизиологик ҳолатини яхшилашга доир кўрсатмалар бериб борилади. Қишлок ҳудудларида истиқомат қилувчи 40 мингдан зиёд ҳомиладорларни фолий кислотаси билан бойитилган поливитаминлар, 6 ойликдан 5 ёшгача булган болалар эса витамин А препарати билан таъминланадилар.