- Алло, эшитаман Шоҳруҳ.

- Ассалому-алайкум, дада. Аям, укаларим ҳам соғ-омонмилар? Янги йил билан ҳаммаларингни қутлайман!

- Раҳмат, ўғлим! Ўзинг ҳам, сафдошларинг ҳам омон бўлинглар!

Бундай телефон қўнғироқлари Бахтиёр ака кўнглини қувончларга тўлдиради. Чунки, фарзанди ҳарбий хизматни аъло даражада ўтаётир. Наманган шаҳар мудофаа ишлари бўлимига чақиришиб, ҳарбий қисм командирларининг "Ташаккурнома"ларини етказишади.

- Бундай ёшларимиз шаҳримиз шуҳратини мамлакатимизга ёйишяпти,-дейди мамнуният билан мудофаа ишлари бўлимининг чақирув бў­йича мутасаддиси, ма­йор Сайдулла Шодиев. - Айниқса, Бахтиёр аканинг фарзанди Шоҳруҳ хизматда юқори натижаларга эришаётганидан бохабармиз.

- Ўғлим Наманган юридик коллежини тамомлаган. Энди олийгоҳга кирмоқчи. Ҳозир намунали хизмат қилиш билан бирга орзусига тўла етишиш учун бўш пайтлари билимини тинмай мустаҳкамлаяпти. Ҳарбий қисмдаги қулай шароитлардан оқилона фойдаланмоқда,-дейди Шоҳруҳнинг онаси Ҳилола Жамолова.

"Соғлом она ва бола йили"да хизматни муваффақиятли якунлаб қайтиш ниятида ўз постида ҳамиша ҳушёр турган йигит учун йил янада қувончларга бой бўлишига биз ҳам тилакдошмиз.

Рустамали Мамадалиев.