Ибратли оилада камол топган Иномжон Мамадалиев коллежни тамомлади. Касб-ҳунарли бўлди. Айниқса, компьютер устасига айланди. Энг муҳими, у Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўташ учун ҳарбий хизматга ўзини чоғлади. 2014 йилда аскарлик формасини кийганида ўз Ватанининг посбонига айланганидан ғоят ғурурланди, чексиз ифтиҳор туйди. Сафдошларининг пешқадами бўлишга кечаю-кундуз интилди. Командирлари буйруғи ва топшириқларини ҳамиша аъло даражада уддалашга қодирлиги билан алоҳида ажралиб турди. Бурчига садоқатини яққол кўрсата олди.

Албатта, унинг хизматлари ҳарбий қисм командирларининг рағбатига муносиб кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан Фахрий ёрлиққа, Қуролли Кучларнинг 23 йиллигида "Энг яхши жанговар тайёргарлиги учун" кўкрак нишонига сазовор бўлди. Қалбида она юртига меҳр-муҳаббати янада жўш урган йигит яратилган имкониятлардан тўла фойдаланиб, юксак орзуларига етишиш йўлида бўш вақтини китоб­лар ўқишга бағишлади. Синовлардан муваффақиятли ўтди. Натижада Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони қарори билан олий ўқув юртларига кириш балларининг 27 фоизи миқдорида қўшимча имтиёз берувчи тавсиянома олган ёшлар қаторига қўшилди.

Оиласига ҳам жисмонан чиниқиб, ҳам ақлий камолот касб этиб қайтган йигитга ўтган йилнинг августида навбатдаги омад кулиб боқди. У ҳозир Наманган Давлат университети физика-математика факультетининг 1-босқич талабаси.

- Армия ҳаёт мактаби,-дейди мамнуният билан Иномжон Мамадалиев. - Унинг сафларида туриб, ватанпарварлик туйғусини янада теранроқ англадим. Шу озод ва обод юрт ўғлони бўлганимдан ҳадсиз фахрландим. Энди эса, халқим корига ярайдиган олий маълумотли мутахассис кадр бўлиб етишиш учун устозлардан сабоқ олаётирман. Мақсадим, Юртбошимиз ишончларига яраша элим деб, юртим деб ёниб яшашдан иборатдир.

Биз ҳам тенгдошимиз ва сафдошимизга ҳамиша муваффақиятлар тилаймиз.

Манзура АБДУЛЛАЕВА,

Нам ДУ талабаси.