Эндиликда нефрология ихтисослигига лицензияси бўлган нодавлат тиббиёт муассасалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги Лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармасига гемодиализ хонасига Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан берилган санитария хулосасини ҳамда минимал талаблар бў­йича ускуна ва жиҳозлар борлиги тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этганидан сўнг гемодиализ муолажасини олиб боришларига рухсат берилади.

Шунингдек, юқоридаги буйруқ билан Низомнинг лицензияга эга бўлган тиббиёт муассасалари томонидан амалга оширилиши тақиқланган фаолиятлар санаб ўтилган 7-бандига ҳам ўзгартириш киритилади. Унда: "7-банднинг ўн учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилган: "Фақат давлат муассасалари томонидан амалга оширилиши белгиланган тиббий экспертизаларни, шу жумладан тиббий-меҳнат, ҳарбий-тиббий, суд-тиббиёт, суд-психиатрия, санитария-гигиена экспертизаларини ўтказиш". Яъни, янги таҳрирда "меҳнатга вақтинча лаёқатсизлик экспертизаларини ўтказиш" жумласи чиқиб кетяпти. Бу билан нодавлат тиббиёт муассасаларига тегишли талабларни бажарган тақдирда меҳнатга вақтинча лаёқатсизлик экспертизаларини ўтказиш, ёки меҳнатга вақтинча лаёқатсизлик варақалари (касаллик варақалари)ни ёзиш ҳуқуқи берилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2015 йил 20 мартдаги 25-сонли буйруғи билан тасдиқланган "Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида"ги Йўриқноманинг 5- бандига кўра: "Соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимларига тегишли даволаш-профилактика муасасалари меҳнатга вақтинча лаёқатсизликни экспертиза қилиш ёки тиббий - меҳнат экспертизаси бўйича етарли малакали ходимга эга бўлган тақдирда, меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва меҳнатга лаёқатсизлик маълумотларини беришга ҳақли. Бунда соғлиқни сақлашнинг хусусий тизимидаги даволаш-профилактика муассасаси стационар шароитда фаолият юритган бўлиши зарур". Низомнинг "Тиббиёт муассасаларида тиббий фаолиятнинг ихтисослик турлари бўйича амалга оширилиши мумкин бўлган операцияли ( оператив) даволашлар рўйхати" деб номланган иловасига ҳам қўшимчалар киритилди. Шунга мувофиқ бундан буён офтальмология ихтисослиги бўйича операцияли даволашга рухсат олган нодавлат тиббиёт муассасалари "кератопластика" операциясини ҳам амалга оширишлари мумкин.

Демак, имкониятлар тобора кенгаймоқда. Қўйилган лицензия талаб ва шарт­ларига қатъий риоя этилган ҳолда аҳолига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатишни янада фаоллаштиришимиз лозим.

Назиржон Давлатов,

ВССБнинг нодавлат тиббиёт муассасалари томонидан

кўрсатилаётган тиббийхизматлар сифатини назорат қилиш бўйича бош мутахассиси.