Айни дамларда Янги йил остонамизни ҳатлашга мунтазир турибди. Қадамингга ҳасанот, 2016 йил! - дея шоду ҳуррам қарши олмоқдамиз. Бу йилдан ҳам орзу умидларимиз катта. Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросим минбаридан 2016 йилни юртимизда "Соғ­лом она ва бола йили" деб эълон қилганларида бежизга олқиш қарсаклари янграмади. Ахир Юртбошимиз алоҳида таъкидлаганларидай: "Соғ­лом бола соғлом ва аҳил оиланинг меваси бўлиб, фақатгина соғлом онадан соғ­лом бола туғилади".

Она ва бола соғлиги масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган экан, бу ишга янада жиддий ёндошишимиз шарт. Аёлларни ардоқлаш, оналикни муҳофазалаш эса, энг аввало, уларга кўрсатилаётган тиббий хизматни юксак талаблар даражасида ташкил этишга боғлиқдир. Даволаш-профилактика муассасалари фаолияти табора такомиллаштирилиши, хотин-қизлар соғлигини мунтазам назоратга олиниши, кўрикларнинг изчил уюштирилиши, касалликлари аниқланганларни самарали даволаш йўлга қўйилиши долзарб вазифаларга айланмоғи керак. Илгаридан қўлланилган "Ҳеч ким меҳр ва  эътибордан четда қолмасин!" шиоримиз доимий кун тартибида турмоғи лозим.

Агар ҳаётга теран кўз билан қаралса, болаларга ғамхўрлик аслида оналарга ғамхўрликка дахлдордир. Президентимиз уқтирганларидай: "Ҳақиқаттан ҳам, болага эътибор бўлажак онага эътибор қаратишдан бошланиши керак. Чунки ҳомиладор аёлнинг руҳий- физиологик ҳолати, барча ҳис туйғулари, кайфияти она вужуди орқали болага ўтади. Бундан хулоса шуки, болани эъзозлаш учун аввало онани эъзозлаш керак. Бу борада барчамиз масъул эканимизни унутмаслигимиз зарур". Ана ўшанда оилаларимизнинг бахти тўкислигига эришамиз. Оилаларнинг бахт­ли бўлиши - жамиятнинг мус­таҳкам бўлиши демакдир.

Янги йилингиз муборак, азиз ҳамюртлар, меҳридарё шифокорлар!

Содиқ САЙҲУН.