Биз, сенаторлар "Ветеринария тўғрисида"ги (янги таҳрири) Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдик. Мазкур ҳужжат 1993 йилнинг 3 сентябрида қабул қилинган амалдаги Қонун нормалари ва қоидалари асосида тайёрланган. "Ветеринария тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ "Ветеринария тўғрисида"ги Қонун янги таҳрирда тасдиқланди. У 6 та боб ва 32 та моддадан ташкил топган.
Мукаммаллиги шундаки, тайёрлаш жараёнида ветеринария соҳасидаги халқаро тажриба ва чет мамлакатлар учун қонун ҳужжатларининг таҳлили натижалари ҳисобга олинган. Ветеринария соҳасидаги муносабатларни янада тартибга солиш мақсадидаги муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар билан тўлдирилган.
Айниқса, муаммоли масалаларга ойдинлик киритилган. Бу соҳада фаолият юритувчиларнинг вазифалари, масъулиятлари аниқ ва равшан белгилаб берилган. Қонун ҳайвонларни касалликлардан ҳимоя қилиш ва уларни даволаш, ишлаб чиқаришда ҳамда аҳолининг ҳайвонотга мансуб юқори сифатли маҳсулотга бўлган эҳтиёжини таъминлаш, ҳайвонлар ва одамлар учун умумий бўлган касалликларнинг олдини олиш, шунингдек атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг ветеринария-санитария муаммоларини ҳал қилишга қаратилгандир.
Қонунда ветеринария соҳасидаги асосий тушунчалар таърифи, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари рўйхати аниқ баён этилган. Яна Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг ветеринария соҳасидаги ваколатлари, шунингдек фуқаролар учун ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқароларнинг ветеринар тадбирларини ўтказишда иштирок этишига оид нормалар назарда тутилган.
Шулар билан биргаликда ветеринар осойишталикни ва давлат ветеринария назоратини таъминлашга доир ишларнинг самарадорлигини муттасил оширишга алоҳида эътибор берилган. Жумладан, профилактика, диагностика ва даволаш тадбирларининг, ветеринария соҳасида лаборатория тадқиқотлари ўтказишнинг, мамлакат ҳудудини ҳайвонларнинг юқумли касалликларидан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари белгиланган. Қонунда давлат ветеринария хизмати назорати остида бўлган товарларни олиб қўйиш, йўқ қилиш, зарарсизлантириш ва қайта ишлашнинг тартиб- қоидалари тўла кафолатланган. Ҳайвонлар юқумли касалликларининг ўчоқлари аниқланган тақдирда чекловчи, яъни карантин тадбирлар белгилашнинг ҳуқуқий асосларига ҳам қонундан алоҳида моддалар ажратилган.
Демак, ҳаётимиз учун, соғлигимиз учун жуда керакли Қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Унинг изчил ижросини таъминлашда эса барча мутасадди идораларнинг раҳбар ҳамда мутахассислари юқори масъулият билан ишлашни талаб этилишини сира-сира унутмасликлари зарур.