Кун тартибига кўра дастлаб "Наманган шаҳрида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ташкиллаштириш ҳолати таҳлили тўғрисида"ги масала кўриб чиқилди. Бошқарманинг даволаш-профилактика ёрдамини ташкил этиш бўлими бош мутахассиси Дилшод Ҳошимовнинг маърузаси тингланди. Нотиқнинг таъкидлашича вилоят маркази аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасидан қониқиш ҳосил қилиш қийин. Айниқса, 5, 8- оила поликлиникалари фаолияти талабга жавоб бермайди.
Йиғилишда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиалида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг аҳволи ҳам муҳокама этилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдулходи Иминовнинг таҳлилий маърузасида тиббиёт муассасасидаги ўзибўларчиликлар, масъулиятсизлик ва лоқайдлик ҳолатлари рўйи-рост айтиб ўтилди.
Соҳада кечаётган ислоҳотлар самараси сифатида шаклланган тизим фаолиятини янада яхшилаш учун давлатимиз томонидан зарур имкониятлар яратиб берилаётганлигига қарамай, шошилинч тиббий хизмат кўрсатишда фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган кўплаб камчиликлар мавжуд. Врач ва ҳамшираларнинг ўз вазифаларига масъулият билан ёндошмасликлари туфайли пайдо бўлаётган сарсонгарчиликлар, мутахассис кадрларни танлашдаги хатоликлар, ижро интизомига риоя этилмаётганлиги, филиал раҳбарияти томонидан талабчанлик етарли даражада эмаслиги шулар жумласидандир.
Қабулхона бўлимидаги оворагарчиликларга, 1-, 2-, 3-Жарроҳлик, 1-, 2- Кардиология, Қон-томир жарроҳлиги, Урология, Гинекология ва бошқа бўлимлардаги даволаш-диагностика стандартлари талаблари, санитария қоида ва меъёрлари бузулаётганлигига асло тоқат қилиш мумкин эмас. Тез ёрдам хизматининг ҳудудий бўлимлари, айниқса, "Сув хўжалиги", "Давлатобод", "Дамбоғ", "Лола" шохобчалари ишида ҳам нуқсонлар кўп. Қиш мавсумига зарур даражада ҳозирлик кўрилмаган.
Муҳокама жараёнида тизим ишидаги бошқа салбий ҳолатларга ҳам эътибор қаратилди. Мутасаддилардан масъулият талаб қилинди. Бир қатор бўлимлар ва тузилмаларнинг раҳбарлари ҳамда ходимларига интизомий чоралар кўриш, филиалда тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш, моддий-техника базасини ривожлантириш тадбирлари белгиланди.
Тиббиёт ҳайъати йиғилишида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан туманлар тиббиёт бирлашмаларида ўтказилаётган регионализация тадбирлари ҳақидаги ва бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.