Ватанпарварлик туйғуси кўкрак сути билан вужудимизга кирган. Она-Ватан эгизак сўз, эгиздан иборат, эгизак рамз. Ҳар иккисига меҳримиз беқиёс, ҳар иккисидан қарзимиз беадоқ. Уларсиз ҳаётнинг ўзини ҳам тасаввур этиб бўлмайди. Онани улуғлаш, Ватанни улуғлаш қон-қонимизга сингиб кетгани шундан. Уларга фидоийлик эса бобомерос, отамерос туйғудир.
2015 йилнинг - "Кексаларни эъзозлаш йили" дея номланиши ҳам миллатимизга хос қадриятларимизни янада юксакка кўтаришимизга имкон берди. Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти заҳматкашлари сафида бўлган бобо ва момоларимизни янада шарафладик. Ёшларга, истиқлол даври фарзандларига ибрат қилиб кўрсатдик. Уларга беҳад эҳтиромда эканлигимизни намойиш этдик. Шукрона дуоларига мушаррафландик.
Албатта, ҳур Ўзбекистонимизда камол топаётган миллионлаб ёшларимиз аждодларимизга муносиб авлод бўлишлари учун кенг имкониятлар, қулай шароитлар яратиб қўйилган. Спорт оммавий тусга кирган. Соғлом йигитлар Ватаннинг куч-қудратига айланишлари табиий. Ҳам жисмонан, ҳам маънан баркамоллик касб этишаётгани эса янада қувончли.
Ватан ҳимоячилари алоҳида сийловларга эгаликлари навқирон авлод учун истиқбол йўлларини тобора нурафшон айламоқда. Муддатли ҳарбий хизматни адо этаётган аскарлар жанговар тайёргарлик аълочиси бўлишлари билан бирга келгусида олий ўқув юртларига кириш учун билимларини бойитиб боришларига ҳам алоҳида ғамхўрлик қилинмоқда. Китоблар мутоаласи учун қулайликлар муҳайё. Синовлардан муваффақиятли ўтганларга имтиёзлар берилмоқда. Ҳарбий хизматдан қайтгач, улар турли олийгоҳларга кириб ўқишга эришаётирлар.
Қуролли Кучларимизни Ватанимизнинг мустаҳкам қўрғони, сарҳадларининг ишончли посбони, тинчлигимизнинг қудратли ҳимоячиси деб атаймиз. Юртбошимиз айтганларидай: "Ҳарбий хизматни ўзининг касби, Ватан ва халқ олдидаги муқаддас бурчи деб биладиган, бутун ҳаётини Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилишга бағишлаган ўғлонларимизнинг оғир хизматини қадрлаш, уларнинг туну кун, тиним билмасдан ўз ҳарбий маҳоратини ошириш йўлида қилаётган машаққатли меҳнатини эъзозлаш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир".
Мардлар қўриқлайди Ватанни деган эътирофимиз бежиз эмас. Ватан сарҳадларининг дахлсизлиги, халқ тинчлигининг барқарорлиги кафолати учун кеча-кундуз ўз постида сергак ва ҳушёр турувчи ватан ҳимоячилари ҳар қанча шарафга, ҳар қанча олқишга муносиблар.
С. ТОЖИБОЕВ.