- Шокиржон Исроилович, эшитдикки, сиз Россия давлатида ўтказилган катта анжуманда ўзбекистонлик ҳамкасбларингиз билан биргаликда иштирок этибсиз. Таассуротлар қандай?

- Россияга аввал ҳам икки бор борганман. Москва ва Нижний Новгородда соҳамиз усталаридан билим, тажриба ва маҳорат ўрганиб, малакамни оширганман. Бу галгиси эса бошқача сафар бўлди. Яъни Россия УТД мутахассисларининг VII халқаро съездига таклиф қилингандик. Анжуман Москва шаҳридаги Крокус-сити бизнес марказида уч кун давом этди. Унда дунёнинг 17 мамлакатидан делегатлар қатнашдилар. Ўзбекис­тондан борган 15 кишилик делегация таркибида Намангандан 4 киши бор эдик. Бизга устозимиз, профессор Акрам Фозилов раҳбарлик қилдилар. Сафаримиз ва анжуманларимиз ғоят самарали кечди. Сабаби, биз съездолди тайёргарлигини аслида икки-уч ой аввал бошлагандик. Яъни дастлаб, мазкур ассоциацияга аъзо бўлиб кирдик. Олиб бораётган изланишларимизни қоғозга туширдик. Натижада анжуманда фақат қуруқ тингловчи бўлиб ўтириш билангина кифояланмадик. Съездда ультратовуш диагностика бўйича дунёнинг таниқли профессор ва мутахассислари томонидан 17 та йўналиш бўйича тақдимот ва сателлит кўринишлар амалга оширилди. Эътиборли ва қувонарли томони шуки, йигирма йилдан буён ҳар тўрт йилда ўтказиб келинаётган бу галги анжуманда "Россия встречает Узбекистан" дастури бўйича республикамиздан ташриф буюрган етакчи олимларнинг чиқишларига кенг имконият яратиб берилди. Натижада барча делегатлар Ўзбекистонимизда мустақилликка эришилгандан кейин тиббиётда, хусусан, ультратовуш диагностикасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ютуқлар, келгусида янги технологияларни жадал тадбиқ этишга бағишланган илмий изланишларимиз тўғрисида етарли тушунчага эга бўлишди.

Айниқса, Россия УТД мутахассислари президенти, профессор Вячеслав Митьков соҳа ривожида Ўзбекистон тиббиётчилари дунёда пешқадамлардан эканликларини яхши билишини алоҳида эътирофлагани бизларни ниҳоятда фахрлантирди.

- Съезд материаллари ичида Сизнинг ҳам икки мақолангиз чоп этилибдими?

- Ҳа, шундай. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази жарроҳлик ва консультатив диагностика бўлимлари жамоаси номидан 2 та долзарб мавзуларга оид тезислар нашри ҳам делегатларга ҳавола қилинди. Уни тайёрлашда қимматли маслаҳат, йўл-йўриқ ва ёрдамларини аямаган устозларим-вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг штатсиз бош жарроҳи Толибжон Мамадумаровга, жарроҳлик бўлими мудири Ғовсиддин Мамадалиевга, етакчи мутахассис ҳамкасбларим Равшанжон Усмонов ҳамда Ботиржон Юнусовларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

- Халқаро анжуманда ўрганиб келган диагностик янгиликларни вилоятда, ўзингиз ишлаётган марказда тадбиқ этса бўладими?

- Албатта. Тақдим этилган янгиликлар ҳозирда Европа ва Осиёдаги ривожланган давлатларда қўлланиб келинаётганини яхши биламиз. Бизлар ҳам ор­қада қолишимиз мумкин эмас, балки илгарилиб кетиш ҳаракатидамиз. Улар виртуал эндоэхография технологияси, юмшоқ тўқималарда микрокальцинатларни аниқлаш, эластография технологиясининг янги йўналишлари, аъзоларнинг контраст перепаратлар ёрдамидаги ультратовуш диагностикасини Наманган вилоятида Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб йўлга қўйишни ниятлаганмиз. Бу яқин кунларда марказга ўрнатиладиган "Mindray DS-8" премиум синфидаги янги УТТ аппаратини ишга солишимизга боғлиқ.

- Сиз ССБнинг штатсиз бош мутахассиси сифатида вилоятда амалга оширилаётган ишлардан ҳам бохабар этсангиз?

- Вилоятимизда 85 нафар ультратовуш диагностикасида фаолият юритаётган мутахассис бор. Улар хизматини такомиллаштириш, давр талаблари даражасига кўтариш учун алоҳида жамият ҳам тузганмиз. Бизнинг марказда ўқув-семинарлар уюштирганмиз. Шу йилнинг май ойида Фарғона водийсида биринчи марта Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг "Ультратовуш диагностикаси" кафедраси доценти Севара Фозилова бошчилигидаги бир гуруҳ етакчи ўқитувчиларни таклиф этиб, сайёр ўқувини ташкиллаганмиз. Айниқса, Уйчи ва Мингбулоқ туманларида кенг қамровли услубий маслаҳат ва ўқувлар юқори савияда ўтказилди.

- Бундай сайёр машғулотлар туманлардаги мутахассислар малакасини оширишга катта қулайлик туғдиради. Лекин айни маҳалда УТТ диагностикаси билан шуғулланувчи мутахассисларнинг билим ва малакаси сизни қониқтирадими?

- Йўқ дейишим ҳақиқатга яқин. Гарчи энг замонавий ультратовуш аппаратларига эга бўлишса-да, афсуски, улар билан муомалада фаолият юритадиган мутахассисларнинг билим даражаси паст, малакасиям юқори эмас. Энди худди шу муаммонинг ижобий ечими тўғрисида янада кўпроқ бош қотиришимизга тўғри келади. Очиқроғи, талабчанликни кучайтириб, амалий ёрдамларни сира-сира аямаслигимиз шарт. Боиси, муолажалар самараси беморга тўғри ташхис қўйишдан бошланади. Демак, уль­тратовуш диагностикаси билан шуғулланувчилар чуқур тиббий билимга, аппарат билан юқори малакага эга бўлган ҳолда бемор текширувига киришсагина касаллик "ўчоғи"ни аниқ белгилай олади. Бунинг масъулияти даволовчи врачлар масъулиятидан ортиқ бўлса ортиқки, асло кам эмас. Ҳушёрлик, сезгирлик, ўзгаришларни пайқашдаги ўткиркўзлик янгилик ва тажрибаларга таянган хулосалар ташхис тўғрилигига кафолат берувчи омиллар эканлигини ҳамиша ёдда тутишимиз зарур.

Ўйлайманки, энг замонавий аппарат ишга туширилиши билан бизнинг марказ наинки водийда, ҳатто республика миқёсида эластография, технологиясининг янги йўналишлари, 4D режимида виртуал эндоэхография технологияси, аъзоларини контраст препаратлар ёрдамида ультратовуш диагностикаси борасидаги изланишларнинг изчил олиб борилишига қулай шароит туғдиради. Ютуқларимиз шубҳасиз кўпаяди. Бу инсонлар танасидаги дардни тезроқ қувишни, касаллик ҳуружига ўз вақтида тўппа-тўғри зарба беришни, бадиий ибора билан айтганда, саломатлигимизни кемираётган душманларни аниқ нишонга олинишини кафолатлайди. Дори-дармонлар хаста тананинг керакли жойига юборилишига тўла йўл очилади. Аппаратлар ҳеч вақт алдамайди. Қачонки, унинг тилини тушуниб, моҳирлик билан ишлатиш малакасини чуқур ўзлаштирган мутахассис бошқарсагина.

- Худди шундай. Мароқли ва очиқ мулоқот учун ташаккур.