Ана шу инсонпарварлик тамойилига риоя қилинган ҳолда ҳар йили мамлакатимизда амнистия тўғрисида қарор қабул қилинади. Яқинда нишонланган қутлуғ байрам арафасида ҳам Президентимиз тақдимномасига мувофиқ, Олий Мажлис Сенатининг "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги қарори эълон қилинди.

Қарорнинг 1-бандида аёллар, 60 ёшга тўлган эркаклар жиноят содир этганида, 18 ёшга кирмаганлар, чет давлатлар фуқаролари, I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек, ушбу қарор кучга киргунга қадар бир йил ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликларга чалинган, деб топилган шахс­лар, 2-бандида эҳтиётсизлик туфайли жиноят содир этган шахслар, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ҳамда унча оғир ҳисобланмайдиган жиноятга қўл ургани учун биринчи марта ҳукм қилинганлар, 3-бандида озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати икки йил-у олти ойдан кўп бўлмаган, ҳукми мазкур қарор эълон қилинган кунга қадар қонуний кучга кирган маҳкумлар жазодан озод этилиши кўзда тутилган. 4- ва 5- бандларда эса озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилиниб, қарор эълон қилинган кунда ўталмай қолган жазо муддати уч йилу-олти ойдан кам бўлган шахслар манзил-колония­ларга ўтказилиши, 1-бандда қайд этилган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги барча ишлар тугатилиши зарурлиги уқтирилган. Бу мамлакатимизда инсонпарварлик сиёсати изчил давом эттирилаётганидан далолат беради.

Ўз навбатида, қарорнинг 6-бандида унинг амал қилиши кимларга, қандай жиноят содир этганларга тадбиқ қилинмаслиги ҳам алоҳида белгилаб қўйилган.

Олий Мажлис Сенатининг тегишли қўмита ва комиссиялари қарор қўлланилиши устидан жамоатчилик назорати ҳамда ушбу ҳужжат қўлланилиши тартиб-таомиллари очиқ-ошкора амалга оширилишида сенаторлар ва депутатлар корпусининг бевосита иштирокини таъминлаши лозимлиги таъкидланган. Қарор ижроси учун масъулият Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклатилган.

Бинобарин мазкур ҳужжат инсон хуқуқ ва манфаатларига ҳар томонлама мос келади.

Азизхўжа ПАРПИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги юристлар малакасини ошириш маркази тингловчиси.

Дилшод ҲОШИМОВ,

ВССБ бош мутахассиси.