Давлатимиз раҳбари томонидан кириб келаётган 2016 йилга "Соғлом она ва бола йили" ном берилиши эса тиббиёт ходими, шифокор сифатида янада руҳлантириб юборди. Маълумки, республикамизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасидаги амалий ишлар, тўпланган тажрибаларга халқаро ҳамжамият ҳам юқори баҳо беряпти. Юртимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги хайрли саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда. Янги йилда эса бу борадаги улуғвор вазифалар доираси янада кенгаяди.
Бу қутлуғ мақсадга етиш учун аввало аёл зотини асраб-авайлаш, оналар саломатлигини мустаҳкамлаш зарур. Президентимиз таъкидлаганларидек, энг муҳими, қизларимизнинг соғлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Аҳоли ўртасида тиббий тарғибот ишларини янада авж олдиришимиз керак. Фуқароларимиз тиббий маданиятини юксалтириш устувор вазифага айланиши шарт.
"Соғлом она ва бола йили"да айниқса соғлиқни сақлаш ходимлари зиммасига янада залворли вазифалар юкланишини чуқур ҳис этяпмиз. Ҳозирданоқ бу мақсадга йўналтирилган дастурларни ишлаб чиқишга изчил киришдик. Бундан кейин ҳам соғлиқни сақлаш тизимини ҳар жиҳатдан тараққий эттириш, халқимиз саломатлигини ишончли ва кафолатли муҳофазалаш, хусусан аёллар ва қизларимизга юқори малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун бор билим ва тажриба, куч-ғайратимизни сафарбар этамиз.
Бир сўз билан айтганда, "Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади" деган ҳаётбахш ғоя ҳаётга татбиқ этилиши учун сидқидилдан хизмат қилишни ўзимизнинг бурчимиз, деб биламиз ва уни фаолиятимиз мезонига айлантирамиз.