Яқинда марказда навбатдаги операция амалиётлари ғоят муваффақиятли ўтказилди. Нафақат вилоятда, балки республикада ҳам биринчи марта уддалана бошлангани эса янаям муҳиму, янаям фахрлидир. Албатта, булар Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан вилоятимиз кардиологларига катта ишонч билан қаралаётгани туфайлидир.
Яқинда Тошкентда Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази, академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази ва Республика кардиологлар ассоциацияси ҳамкорлигида "Интервенцион кардиологияда Европа мактаби" тажрибасини ўрганишга бағишланган анжуман ташкилланди.
Тадбир қатнашчилари "Интервенцион кардиологиядаги янги имкониятлар" мавзуидаги маърузаларни тинглашди. Академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган кардиология маркази раҳбари, профессор М. Зуфаров Республикамизда интервенцион кардиологиянинг аҳволи тўғрисида йиғилганларга қимматли маълумотлар берди.
Анжуман меҳмони - Европа кардиологлар ҳамжамияти аъзоси, Польша Республикаси кардиология маркази бўлими мудири, профессор Роберт Дж. Гилл тож томирлари тармоқ қайрилган артерияси-буфуркацияси зарарланганларга стент(найча) қўйиш янгилигини тушунтирди.
Анжуман ташкилотчилари ташаббуси билан Наманган вилоят кардиология марказида "Маҳорат дарслари" уюштирилди. Марказ мутахассислари ҳамда шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларининг бош кардиологлари профессор Роберт Дж Гилл ва тиббиёт фанлари номзоди Н. Йўлдошевларнинг маърузаларини тинглашди.
Назарий билимлар бериш билангина чекланиб қолинмади. Марказда польшалик олим, ихтирочи ва шифокор Роберт Дж Гилл етакчилигида, унинг ўзи яратган юракнинг қайрилган тармоқ томирига стент киритиш ва ўрнатиш амалга оширилди. Кардиология марказининг интервенцион кардиологлари - Акмалжон Жалилов, Аброржон Абдуллаев ва Бахтиёр Камолиддиновлар хорижлик мутахассиснинг юксак маҳоратини ёнма-ён туриб, ўзлаштиришга эришдилар.
- Бу галги операция республика тиббиёти учун ҳам янгилик бўлди десак асло янглишмаймиз, - деди кардиология маркази бўлим мудири, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси Акмалжон Жалилов. - Профессор Гилл ўзи ихтиро қилган стентини бизларга таклиф этиш асносида уни ўрнатишни амалда бажариб кўрсатди. Окноли стентни 3 кишининг томирига киритиш билан уларни юрак ҳуружи азобидан қутқардик. Дастлабки уч қадам муваффақиятли кечгани бизларнинг ўзимизга бўлган ишончимизни мустаҳкамлади. Амалиётнинг ғоят самарали эканлигига ҳеч шубҳа йўқ. Энди соҳамиздаги янгилик кўплаб нажотталаб беморлар умрини узайтиришга олиб келаверади.
Дарҳақиқат, водийда ягона ҳисобланган мазкур марказда кейинги йилларда рентгенэндоваскуляр жарроҳлик бўлими ташкил қилиниб, бўлим замонавий ангиографик ускуна билан жиҳозланди. Айни пайтда коронароангиография-юрак тожсимон артерияларининг торайган қисмларини аниқлаш, уларга стент ўрнатиш юқори технологик усулларни қўллаган ҳолатда уддаланмоқда. Устозу шогирдлик анъанаси шарофати билан ёш мутахассислар пойтахтдаги таниқли жарроҳлардан қолишмайдиган даражага етишмоқда.
"Маҳорат дарслари" доимо тиббиётда юқори малака-юқори натижа касб этишини таъминлашга хизмат қилаверади. Изланишлар, интилишлар ҳамиша давомли.
Содиқ САЙҲУН.