Тадбирни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов қисқача кириш нутқи билан очди. Сўнгра, Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хусусий тиббиёт муассасаларини лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Фарҳоджон Раҳимқулов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг нодавлат тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш бўйича бош мутахассиси Назиржон Давлатов, вилоят ОИТС маркази бошлиғи Муҳаммаджон Ашурматовлар сўзга чиқишиб, йил давомида олиб борилган ишлар ва уларнинг натижалари, муаммо ва долзарб вазифаларга тўхталишди.
Нотиқлар 2015 йил 21 августдаги "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳиятини батафсил шарҳлаб тушунтирдилар. Вилоятимизда хусусий тиббиёт муассасалари фаолияти тобора давр талаблари даражасига кўтарилаётганини таъкидлашди.
Айниқса, Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқармаси бошлиғи Ф. Раҳимқулов бу борада вазирлик, республика хусусий амалиёт врачлар ассоциацияси ҳамда ҳомий ташкилотлар ҳамкорлигидаги танлов муҳим аҳамият касб этганлигини алоҳида тилга олди.
Намангандаги хусусий тиббиёт муассасалари ичидан ҳам олти номинация бўйича аниқланган ғолиблар шу анжуманда эълон қилиндилар. "Энг яхши тиббий ускуналар эгаси", "Энг яхши стационар", "Энг яхши муассаса", "Энг яхши раҳбар", "Энг яхши ҳамшира" каби ҳар бир номинация бўйича учта ўринга муносиб топилганлар Диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Йиғилганларнинг олқиш қарсаклари остида ғолиблар мукофотларни қабул қилиб олишди.
Энг яхши...ларнинг муносиб шарафлаш уларни ғоят тўлқинлантириб юборди. Ҳар бир номинация тақдимоти якунида ғолиблар танлов ташкилотчиларига бундай юксак эътирофу эътиборга жавобан янада яхшироқ фаолият юритишга бурчли эканликларини миннатдорчилик билан изҳорлашди.