Йўқотилган иш хақини (даромадларни) аниқлашда жабрланувчига майиб бўлиши ёки соғлигига бошқача шикаст етиши сабабли тайинланган ногиронлик пенсияси, худди шунингдек, соғлигига зарар етказилмасидан олдинги ва ундан кейинги бошқа турдаги пенсиялар, нафақалар ва бошқа шунга ўхшаш тўловлар эътиборга олинмайди ва зарарни қоплаш миқдорини камайтиришга сабаб бўлмайди (зарарни қоплаш ҳисобига киритилмайди). Зарарни қоплаш ҳисобига жабрланувчи соғлигига шикаст етказилганидан кейин оладиган иш ҳақи (даромади) ҳам киритилмайди (ФКнинг 1006-моддаси 1-2 қисмлари).
Қонун ҳужжатларига мувофиқ, меҳнат қобилиятини қисман йўқотган жабрланувчи зарарни тўлаш мажбурияти ва юкланган шахсдан исталган вақтда, агар унинг меҳнат қобиляти соғлигига етказилган шикаст туфайли ўзига зарарни ундириш белгиланган пайтда бўлганидагига нисбатан ёмонлашса, қоплаш миқдорини тегишлича кўпайтиришни талаб қилишга хақли.
Жабрланувчининг соғлигига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мажбурияти зиммасига юкланган шахс, агар жабрланувчининг меҳнат қобилияти зарарни ундириш белгиланган пайтда бўлгандагига нисбатан ошган бўлса, қоплаш миқдорини тегишлича камайтиришни талаб қилишга ҳақли.
Жабрланувчи агар зарарнинг ўрнини қоплаш мажбурияти зиммасига юкланган фуқаронинг мулкий аҳволи яхшиланган бўлса, қоплаш миқдори эса ФК 1004-моддасининг 5-қисмига мувофиқ камайтирилган бўлса, зарарни тўлаш миқдорини кўпайтиришни талаб қилишга ҳақли.
Суд зарар етказган фуқаронинг талабига биноан, агар унинг мулкий аҳволи ногиронлиги ёхуд пенсия ёшига етганлиги сабабли, зарарнинг ўрнини қоплаш белгиланган пайтдагига нисбатан ёмонлашган бўлса, зарарнинг ўрнини қоплаш миқдорини камайтириш мумкин, зарар қасддан етказилган ҳоллар бундан мустасно.
Зарар учун жавобгарликнинг белгиланиши ва етказилган зарарлар ўрнининг қопланиши фуқаролар соғлигини сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Чунки, бундай харажатлар, дори-дармон ва даволаш учун кетадиган пул суммаси, соғлиқни тиклаш учун зарурий омиллардир. Зарарни қоплаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга оид амалдаги қонунчилик анча тўлиқ ва бир қадар мукаммал касб этган бўлса-да, бу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиётида муайян бўшлиқлар ва тушунмовчиликлар учрайди. Хусусан, фуқаролар соғлигига етказилган зарарларни қоплашда "врачнинг хатоси, нотўғри ташхис қўйиш, жарроҳлик амалиётининг оқибатларини тўлиқ тушуниб етмаслик каби холатларни ҳисобга олиш, жавобгарлик белгилашда мазкур омилларнинг зарар миқдори"ни белгилашга таъсирига оид тегишли амалий кўрсатмаларни ишлаб чиқиш зарур.
Аброрбек КАРИМОВ,
ССВнинг Наманган вилояти бўйича Назорат инспекцияси етакчи
назоратчи-ҳуқуқшуноси, Адлия вазирлиги қошидаги ЮМОМ тингловчиси.