Касаллик асосан зарарсизлантирилмаган тиббий ва маиший жиҳозлар орқали қон қуйиш, пала-партиш жинсий алоқа ва онадан болага йўлдош орқали ўтиши мумкин. Бугунги кунда томирга гиёҳванд моддалар қабул қилиш ва бетартиб жинсий ҳаёт кечирувчилар орасида ҳам кўпайиб бормоқда.
Беморнинг бирон бир (қон, жинсий аъзолар суюқликлари) бошқа инсонни зарарланган тери ва шиллиқ қаватига тушса, юқиши учун хавф туғдиради. ОИВ-одам иммунотанқислиги вируси билан зарарланган ҳомиладор аёлларда, беихтиёр бола ташлаш, туғилган чақалоқнинг оғирлик миқдори камлиги, ўлик ёки ой етмай чала туғилишлар, жинсий алоқа орқали юқадиган таносил касалликларнинг биргаликда кечиш ҳоллари кўплаб учрайди. Шу сабабли инсонлар агар меъёрий зарарсизлантирилган ёки бир марталик шприцлардан ва бошқа маиший жихозлардан фойдалансалар мақсадга мувофиқ бўлади. Айниқса, соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиш керак.
ОИТС инсонлар орасида мавжуд экан, ундан қўрқиш эмас, балки ҳимояланиш ва касалликнинг олдини олишни билиш лозим. ОИТС инфекцияси профилактикасининг 6 та асосий йўналишлари мавжуд бўлиб, улар қуйидагиларни ташкил этади:
Шифохона ички инфекциясининг олдини олиш;
Донор қони хавфсизлигини таъминлаш;
ОИВни онадан болага ўтишидан сақланиш;
ОИВ инфекцияли кишиларга тиббий ёрдамни ташкил этиш;
Хулқ-атвори бузуқ аҳоли гуруҳлари билан ишлаш;
Ўқитиш ва қайта тайёрлаш.
Агар, ўзингизда "ОИВ инфекцияси юққан бўлиши мумкин", деган гумон бўлса, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ҳамда барча туман ва шаҳарлар марказий поликлиникалар қошида кишининг шахсини сир сақлаган ҳолда, қон таркибини текшириб маслаҳат берадиган хоналар мавжуд. Зудлик билан мурожаат қилишни унутманг.
М. ҚОДИРОВА,
Тўрақўрғон туман Саломатлик маркази директори.
Б. РАҲМОНОВ,
вилоят ОИТСга қарши кураш маркази врачи.