Омилларни ҳар бир киши яхши билиши керак.
Аввало, овқатланиш тартиби-ю, овқат турларига боғлиқ. Бу ҳолат 35 фоиз омилни ташкил қилади. Кейинги ўринда тамаки ва нос чекиш туради. 30 фоиз ўсмалар шунинг орқасидан юзаланиши аниқланган. Яна қуёш нурига, спиртли ичимликлар истеъмол қилишга, корхоналарнинг саноат чиқиндилари, радиацион ва организмда модда алмашинуви таъсирида ҳосил бўладиган моддаларга, энг охиргиси, ирсиятга боғлиқ омиллар инсон саломатлигига путур етказади.
Хўш, ана шу омилларни унутмаган ҳолда қандай йўл тутиш керак? Олимларнинг фикрига қараганда, кунлик овқатланиш рационида 5 мартагача витаминларга бой мева ва полиз экинларини истеъмол қилиш инсон организмининг касалликка қарши курашиш қобилиятини оширади, саратоннинг келиб чиқишини камайтиради.
Аёллар ҳомиладорлик пайтида спиртли ичимликлардан нари юриши, сигарета чекмаслиги, кимёвий ва радиацион канцероген моддалардан узоқ бўлишлари зарур. Инсон доимо ҳаракатда туриши, бадантарбия билан шуғулланиши, ўз вақтида дам олиши керак.
Текширишлардан маълумки, доимо жисмоний тарбия билан машғуллик, ҳаракатда бўлиш, турмуш тарзини тўғри олиб бориш ўсма касалликларини 60-70 фоизга камайтириш имконини беради.
Хуллас, ўсма хасталиклари келиб чиқиши сабабларини ва уни эрта аниқлаш даволаш мумкинлигига ишонч туғдиради. Ҳам олдини олиш, ҳам муолажа самарадорлигига эришиш уни ўз вақтида пайқаш билангина амалга оширилади. Бу бир неча жараёнларни қамраб олади . Энг зарур чора-тадбирларни,уқтириб ўтамиз:
- кенг миқёсда ўсма касалликларни аниқлашда скрининг усулларни қўллаш. Яъни халқ орасида текширувларни, профилактик кўрикларни ўтказиш сифатига алоҳида эътиборни қаратиш;
- кўрув хоналарининг иш фаолиятида ўсма жараёнидан ёки ўсмага тахмин қилинган жойдан олинган суртмаларнинг цитологик, гистологик текширувини кучайтириш;
- профилактик кўрув ишларида замонавий усулларни кенг қўллаш ( (рентгенологик, ультратовуш, молекуляр-биологик, ўсма маркерларини аниқлаш);
- ўсма олди касалликларини умумий амалиёт врачлари онколог билан биргаликда текшириб даволаш ва кузатувини олиб бориши;
- халқимиз орасида кенг миқёсда санитария-гигиена ва тарғибот ишларини ташкиллаш, ўсма касалликларини ўз вақтида даволаш ғоят муҳимлигини тушунтириш.
Юқоридаги тадбирлар касалликларни, эрта, илк босқичларида аниқлаш имконини берса, уни ўз вақтида даволашда эса, самарали натижалар кўзга кўринади. Фақатгина шундай йўл тутилса халқимиз орасида саратон касаллиги камайишига эришиб бораверамиз.
Адолат БАДРИДДИНОВА ёзиб олди.