- Вилоятимиз тиббиёт муассасаларида қандай мавсумолди тадбирлари амалга оширилди?
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тармоқлари, уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини 2015-2016 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш ҳақида"ги қарорининг ижросини таъминлаш бўйича вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизимида белгиланган тадбирлар изчил бажарилди. Мавжуд 293 та муассасанинг узлуксиз меъёрида иситилишига керакли шароитлар яратиб қўйилди. Жумладан, 264 тасида етарли миқдорда кўмир жамғарилди. 17 та муассаса қозонхонасида газдан фойдаланилади. 4 тасига суюқ ёқилғи берилади. 8 тасини "Иссиқлиқ манбаи" корхонаси шартномага мувофиқ иситади. Беморлар даволаниши, шифокорлар муолажа ўтказишлари учун барча қулайликлар тахт ҳолатда. Айни маҳалда иситиш бошлаб юборилган.
- Муассасаларни иситиш учун ёнилғи ва ёқилғи заҳирасику яратилибди, биноларнинг қиш фаслига тайёрлашда нималарга эътибор берилган?
- Бу юмушга катта маблағ ажратилади. Айни маҳалгача 1 миллиард сўмлик маблағ тўла ўзлаштирилмоқда. Аниқроғи, 19 та муассасанинг юмшоқ томи таъмирланди, 6 та қозонхона биносини ҳам қурувчилар талаблар даражасига келтиришди. Шунингдек, 31 та қозон созланди. 29 та янги тежамкор қозонлар ўрнатилди. 16 та муассасада иситиш тизими таъмирдан чиқарилди. 23 та муассасанинг дераза-ромларига янги ойналар солинди. 7 та муассаса биноларининг эски эшик ва деразалари замонавийларига алмаштирилди. Булар айтишгагина осон, холос. Аслида бир неча ойдан буён тинимсиз ҳаракатлар эвазига қувончли самараларга эришдик.
- Жуда яхши, иситиш масаласику ижобий ҳал этилибди, энди ёритиш муаммоси қандай ечиляпти?
- Электр энергияси таъминотидаги узилишларнинг олдини олиш мақсадида барча туман тиббиёт бирлашмаларига, вилоят ва шаҳар даволаш-профилактика муассасаларига генераторлар келтириб берилди. Улар бензин ҳамда дизель ёқилғисига ишлайди. Демак, электр токи таъминотини анча тўкислаш имкониятига эга бўлинмоқда.
Қишнинг талаби қаттиқ. Аввалдан пухта режа билан тараддудланганимиз учун кўнглимиз тўқ.
Юқоридагилардан кўринадики, тиббиёт тизимидаги тайёргарликлар ёмон эмас. Бундан буён гап иситишга мутасадди шахсларнинг масъулиятини кескин оширишда қолди. Ўйлаймизки, доимий назорат йўлга қўйилиб, камчиликлар учраса, зудлик билан тугатилиб борилаверади. Халқ соғлиги-юрт бойлиги экан, бу масалага ҳамиша жиддий эътибор қаратилиши шак-шубҳасиз.
Содиқ САЙҲУН суҳбатлашди.