Жамият ва мен. Шу икки сўз бежиз ва эгизланиб турмайди. Унинг бирини бирисиз тасаввурлаш асло мумкин эмас. Жамиятдан айро ёки ташқарида шахс яшолмаганидек шахсларсиз жамият ҳам бўлмайди. Айни шу нуқтаи назардан масалага ёндошиш жуда жўяли. Мақоламиз муқаддимасида икки сўзнинг маъно тушунчасига тўхталмоқ жоиз.
Энди гапни шахсни шарҳлашдан бошласак: аввало Мен, сен, у - биринчи, иккинчи, учинчи шахс бирликда бўлса-да, бирлашиб бизга айланади. Биз, сиз, улар - кўпликдаги шахслардир. Ёхуд барчасининг жамланмаси Жамият аталмиш тузилмани ташкиллайди.
Ҳар қандай давлат - қонунлар билан тирик, қонунлар билан барқарор. Қонунлар эса халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидаларига мутаносиб ҳолда фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларига хизмат қилмоғи шарт. Мамлакатимизда 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатимизнинг бош қомусидир. Барча қонунларнинг Онаси дея аташга ҳам тўла ҳақлимиз. Ҳар қандай қонун унинг талабларидан туғилиши табиий ҳол, аксинча бўлиши сира мумкин эмас. Конституциянинг 2-моддаси: "Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар" деган фикрлардан мужассамланган.
Демак, давлатнинг халқ манфаатларидан бошқа манфаати йўқ, ҳатто манфаатларимиз кафолати сифатида давлат ўз органлари ва мансабдорларига катта масъулият юклаган.
Бундан ягона мақсад жамиятнинг жонли танасида доимий равишда ҳаётбахш "қон оқишини" таъминлашдир. Ўз навбатида жамиятни ташқи хавфли "вирус"лардан асрашни ҳам назарда тутади.
Давлатнинг барқарорлиги - жамиятнинг соғломлигида. Президентимиз уқтирганларидай: "Буюк давлатни фақат соғлом миллат, соғлом авлодгина қура олади". Шунинг учун Конституциямизнинг 40-моддасида: "Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга" деб кафолатлаб қўйилган. Мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотларнинг энг кўзга кўрингани, энг самарадори тиббий ислоҳотлар эканини бугун ҳеч ким инкор этолмайди. Биргина рақамнинг ўзи фикримизни асослайди, далиллайди. Мисол учун истиқлол йилларида ҳаётимизнинг фаровонлашуви, изчил тиббий ислоҳотлар туфайли ёшу қарининг саломатлиги мустаҳкамланиб боряпти. Ҳатто 60-70 ёшлиларни кексалар дейишга тилимиз бормай қоляпти. Фақат кўринишдангина қаримаган қиёфа касб этаётганлари йўқ, аслидаям жисмонан тетигу бардамлик уларнинг танасини тарк этишга шошилмаётир. Сабаби, саломатликлари жойида, сал ўзларини нохуш сезсалар малакали тиббий ёрдам муҳайё. Ёки баъзи кутилмаган касалликлар ҳуружланса, уларни даф этувчи шошилинч тиббий ёрдам марказларининг моҳир мутахассислари энг замонавий аппарату-асбоблардан уқувли фойдаланган ҳолда кураш олиб боришга кеча-кундуз шай ҳолатдалар. Шундай шароитда умр узаймаслиги мумкинми?! Асло-асло мумкин эмас. Ва буни ҳаётий ҳақиқат сифатида мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси тан олади.
Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимида фахрланиб гапирганларидай: "Ўзбекистонимиз иқтисодиёти, жаҳон миқёсида ҳали бери давом этаётган инқирозга қарамасдан, истиқлол йилларида 5,5 каррадан зиёд ўсгани, аҳолимизнинг реал даромадлари жон бошига 9 марта кўпайгани, одамларимизнинг ўртача умр кўриш даражаси 67 ёшдан 73 ёшга, аёллар ўртасида эса 75 ёшгача етгани ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, албатта".
Шахснинг соғломлиги жамиятнинг соғломлиги, жамиятнинг соғломлиги эса ягона миллий ғоямиз: юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлигини ниятлаб яшаётган турли ёшдаги, турли миллатдан иборат халқимизнинг аҳиллигида, ўзига ва атрофидагиларга ҳушёр кўз билан қарашида, лоқайдлик иллатидан йироқлигида, ҳалоллигу фаоллигида зоҳирланади.
Мустақиллик давридаги кўнгилсиз воқеалар бежизга содир бўлмади. Дастлаб Тошкентдаги февраль воқеалари, кейин яна Тошкент, Бухоро ва Андижондаги ҳодисалар сабоғи шундан иборатки, атрофимизда бизга дўстона қўл бераётганлар, қўллаб-қувватлаётганлар, ҳавасланаётганлар қанча кўп бўлса-да тарихан қисқа фурсатдаги беқиёс шахду шижоатимиз, беқиёс ўзгаришларимиз, беқиёс юксалишимизни кўролмайдиган, ҳасадгўй, ёвуз ният "дўст"ларимиз ҳам йўқ эмас. Уларнинг ниқобдорлари янада хавфли, иккиюзламачиликдан тап тортмайдиган, ютуқларимиздан ичида зил кетадиган, халқимиз хурсандчилигига раҳна, ширин турмушимизга оғу солишга тайёр кимсалардан ҳар нени кутса бўлади. Қабиҳ мақсадларига етиш учун гоҳ ошкор, гоҳ пинҳон ҳуружларни уюштирмайдилар деб ҳеч ким кафолот беролмаслиги энди ойнадай аён. Ана шунинг учун ҳам Ватанни кутилмаган бало-қазолардан асраш фуқароларнинг зиммасидаги муқаддас вазифаларидан бири ҳисобланади. Бош Қонунимизнинг 52-моддасида: "Ўзбекистон Республикасининг ҳимоя қилиш- Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир..." деб алоҳида қайд қилинган. Зеро, ҳар биримиз учун, элу юртимиз учун тинч ва осойишта ҳаёт ҳамиша худди сув ва ҳаводек қадрли. Тинчликсеварлик тинч ўтирмасликни ёқтиради. Қайси маънодаки, доимо бемавруд ҳуружларнинг олдини олиш, ташқи душманлар авровига учмаслик, наинки бутун юртимиздаги, балки маҳалламиз, қишлоғу шаҳримиздаги воқеа-ҳодисаларга лоқайд боқмаслик одатий турмуш тарзимизга айланмоғи шарт. Давлат биздан шуни талаб этади, жамият биздан шуни кутади. Эртанги куннинг фароғати бугунги куннинг курашлари бағрида туғилади, барқарорлашади. Огоҳу ҳушёрлик бор жойга ҳеч қачон кўнгилсиз кўргуликлар яқинлаша олмайди.
Содиқ САЙҲУН.
(Давоми бор).