Маросимни бошқарма бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов очди ва олиб борди. Вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси Тоҳиржон Дедахонов Юртбошимизнинг янги китоби ҳақида маъруза қилди.
- Ушбу китобда давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни сиёсий ва иқтисодий ривожлантириш, жумладан, ижтимоий соҳалар - таълим-тарбия, илму фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спорт тизимини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар, жамиятимизда аёллар, кексалар ва ёшларнинг ўрни, уларга яна қандай қулай шароит ва имкониятлар яратиш билан боғлиқ масалалар; ҳар бир ҳудуд ва минтақа бўйича яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган режалар, устувор лойиҳалар; қадимий ва янги тарихимиз ҳақида, собиқ советлар тузими моҳиятини фош этадиган мисоллар, бугунги кунда дунёнинг айрим ҳудудларида бу тузимни тиклашга бўлаётган ҳаракатлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепцияси тўғрисидаги қарашлари ҳар томонлама пухта асосланган ҳолда баён этилган,-деди нотиқ.
Дарҳақиқат, китоб сўзбошисида қайд этилганидек, "Миллий тафаккуримиз хазинасига бебаҳо ҳисса бўлиб қўшиладиган, бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг энг муҳим устувор йўналишларини ўзида мужассам этган ушбу китоб нафақат янги ва яқин тарихимизнинг ҳали биз тўла англаб етмаган кўплаб қирраларини яна бир бор кашф этишга асос бўлади, айни пайтда, жамиятимизнинг тараққиёт фалсафасини, мамлакатимиз ва халқимиз келажаги, унинг равнақини белгилаб берадиган муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади".
Мазкур китоб тақдимотини барча тиббиёт муассасаларида ўтказиш, унинг мазмун-моҳиятини "Маънавият соатлари"да чуқур ўрганиш вазифаси қўйилди. Наманган шаҳар ва барча туманлар тиббиёт бирлашмаларига "Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш - энг олий саодатдир" номли китоб тарқатилди.
Маросимда Республика Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари Сайфиддин Муҳиддинов иштирок этди.