"Шодиёна" тантаналар мажмуида якшанба оқшомида кечган анъанавий байрам чоғида бу эътирофлар мамнуният билан таъкидланди. Тадбир аввалида тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино ҳаёти, ижоди ва илмий фаолиятини ўрганиш мақсадида махсус кўргазма ташкил этилди. "Буюк аждодларимиз" туркумидан яратилган "Абу Али ибн Сино" номли ҳужжатли фильм намойиш қилинди.
Вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Баҳодир Юсупов вилоятимиз соғлиқни сақлаш ходимларини касб байрамлари билан қутлади. Соҳада кечаётган ислоҳотлар бераётган улкан самаралар вилоятимиз тиббиётида ҳам ўз аксини топаётганлиги эътироф этилди.
Шарафлаш маросимида аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш ишларида ўзини кўрсатган, ўз фаолиятида юқори натижаларга эришганлиги учун Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонларига сазовор бўлган "Чортоқ" болалар сиҳатгоҳи ревматология бўлими мудири Қулмирза Бекимбеков, Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси Олмос ҳудудий бўлими бош шифокори Марпали Мамадалиев, вилоят кардиология маркази рентгенэндоваскуляр жарроҳлиги бўлими мудири Акмалжон Жалилов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Дилфуза Болтибоеваларга мукофотлар топширилди.
Бир гуруҳ фаоллар Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар. 2-сил касалликларига қарши кураш диспансери бош врачи Муҳаррам Аҳмедова, Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси 3-ҳудудий бўлими катта ҳамшираси Феруза Абдуллаеваларга ташаббускорликлари учун "Спарк" ва "Дамас" автомашиналари берилди.
Шифокорлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг малака ва маҳоратларини ошириш, соҳадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида турли танловлар ўтказиш одат тусини олган. Тадбирда 10 номинация бўйича танловнинг 2015 йилги ғолиблари эълон қилинди.
Вилоят эндокринология диспансери "Йилнинг энг намунали шифохонаси", "Муродилла ҳожи шифо медсервис" хусусий корхонаси "Йилнинг энг намунали нодавлат тиббиёт муассасаси", Поп туманидаги "Яккатут" қишлоқ врачлик пункти "Йилнинг энг намунали бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаси", Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси болалар бўлими "Йилнинг энг намунали болалар бўлими", Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлими "Йилнинг энг намунали туғруқ муассасаси", Уйчи туманидаги Яккатут қишлоқ врачлик пункти умумий амалиёт шифокори Рустам Эргашев "Йилнинг энг яхши умумий амалиёт шифокори", Учқўрғон туманидаги Катта Чек қишлоқ врачлик пункти ҳамшираси Раъно Маҳкамова "Йилнинг энг яхши патронаж ҳамшираси, вилоят психофизик ривожланиши бузилган болалар учун ихтисослаштирилган типдаги болалар уйи кичик тиббиёт ходими Матлуба Мирзаакбарова "Йилнинг энг меҳрибон кичик тиббий ходими", РШТЁИМ Наманган филиали нейрожарроҳи Сайдулло Шарифбоев "Йилнинг энг яхши илмий изланувчи шифокори", вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов "Йилнинг энг фаол ва ташаббускор раҳбари" деб эътироф этилди.