ЎЗБЕКИСТОН – РОССИЯ: ДЕРМАТОВЕНЕРОЛОГЛАР ҲАМКОРЛИГИ
Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Собиров Улуғбек Юсуфхонович ва Россия федерацияси Москва шаҳрининг дерматовенерология илмий-амалий маркази директор ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Андрей Николаевич Львов биргаликда Наманган тери-таносил касалликлари диспансерига ташриф буюришди.
– Биз тиббиёт соҳасида катта билим ва тажрибага эга устозларимизнинг ташрифидан самарали фойдаландик, – дейди мамнуният билан Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалининг бош врачи Бахтиёр Қодиров. – Улар муаммоли касали борларни текшириб, кўпчилигини шу ернинг ўзида стационар ҳамда амбулатор усулда даволаш ишларини буюришди. Уч кишини пойтахтдаги марказда даволанишга йўлланма беришди. Турли тери касалликлари асоратларини бартараф этиш йўл-йўриқларини ўргатишди. Жумладан, кўпаяётган сўгални даволаш муаммоларини ҳал қилишнинг энг мақбул муолажалари билан таништиришди. Айниқса, физиотерапевтик даволашга эътиборни кучайтириш зарурлигини аниқ мисоллар билан тушунтириб қўйишди. Келгусида филиалимиз ва барча туманлардаги мутахассисларимиз маҳорат дарслари сабоғидан оқилона фойдаланишади.
Содиқ САЙҲУН.