Организм доимо қувватга муҳтож. Агарда у озуқалар билан тўлдирилмаса, ҳужайралар ана шу қувватни заҳиралардан ола бошлайди. Оқибатда инсон танасида нохуш ўзгаришлар юзага келади.

Инсулинни калитга таққослаш мумкин. У ҳужайрани қанд учун очиб беради. Модда алмашинуви бузилиши чоғида инсон организмида инсулин етишмовчилиги рўй беради.

Қандли диабет 2 турли бўлади. Биринчиси кўпроқ 10-13 ёшларда учрайди. 40 ёшгача ривожланади. Иккинчисида, ошқозон ости безининг ҳужайралари тўлиқ ишдан чиқмайди.Бу турда ҳужайралар инсулин ишлаб чиқаради-ю, лекин соғломларникидай самарали таъсирга эга бўлмайди. Шу сабабли улар қондаги қандни худди инсулинга ўхшаб пасайтирмайди.

Қандли диабет ташхиси қўйилса, зудлик билан даво чоралари қўлланилиши зарур. Самарали ягона даво инсулинни ташқаридан киритишдир.

Дунёда қандли диабетга чалинган ҳар икки инсондан бири, ўзининг бу хасталик билан оғриётганини билмайди. Айниқса, катталарда шундай. 2-3 йил, ҳатто 5 йилгача яққол сезилмаслиги мумкин. Боиси истма бермайди, оғриқ бўлмайди. Фақат чанқаш, дармонсизлик ва озиб кетиш ҳолатлари учрайди. Бунга аслида бепарво қаралмаслиги  керак.

Қандли диабет - қондаги глюкоза миқдорининг сурункали ошиши билан намоёнланиб, инсон ҳаётининг сўнггига қадар кечадиган дарддир. Уни бошқаришда нафақат шифокорнинг, беморнинг тавсияларга бехато, изчил амал қилиши ғоят муҳим ҳисобланади. Шундагина ижобий натижаларга эришиш мумкин.

Унутмаслик лозимки, қондаги қанд миқдори тўғридан-тўғри беморнинг ҳаёт тарзига, яъни овқатланишига, кайфиятига боғлиқ. Тартибли овқатланишнинг аҳамияти жуда катта. Негаки баъзи маҳсулотлар глюкоза миқдорини оширса, айримлари бу хусусиятга эга эмас. Демак, мазкур соҳада беморлар яхши тушунча олишлари зарур. Шунинг учун диспансеримизда диабетлар мактаби ҳам ташкилланган. Ўзингизда нохуш аломатларни пайқасангиз, вақтни ўтказмай, эндо­кринолог-врачга мурожаат этишни унутманг. Бу билан дардингиз зўрайишининг олдини оласиз.

Матлуба ҚОДИРОВА,

вилоят эндокринология диспансерининг олий тоифали врачи.