Маълумки, 2024 йил 10 майда Президентимиз «Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ-175-сонли қарор қабул қилдилар. Мазкур ҳужжатга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга "Оила – маҳалла – туман ва ҳудуд" тамойили асосида комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш жорий этилган. Яъни, жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери талаб этмаган ҳолда ижтимоий психологик ва юридик хизматлар йўлга қўйилди.
Бу иш ҳозирда тизимли ташкил қилинган. Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг 102 телефонларига келиб тушган мурожаатлар асосида рўйхатга олинади. Тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида қуйидагилар амалга оширилади:
аввало, хотин-қизлар фаоли ва маҳалладаги профилактика инспектори иштирокида тазйиқ ва зўравонликни содир этган шахс билан суҳбатлашилади;
профилактика инспектори томонидан ҳимоя ордери расмийлаштирилади;
жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари туман (шаҳар) марказий шифохоналарининг шошилинч қабул бўлимларига жойлаштирилади;
расмийлаштирилган ҳимоя ордерлари ва жабрланган шахсларга доир маълумотлар "Инсон" марказларига "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизими орқали юборилади.
Шунингдек, шошилинч қабул бўлимларининг бирламчи кўмак хоналарида: жисмоний ва руҳий ҳолатини яхшилаш учун тазйиқ ва зўравонликка учраган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандлари 3 суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштирилади. Шошилинч биринчи ёрдам, шу жумладан, руҳий психотерапевтик ёрдам кўрсатилади, юқумли касалликлар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш учун таҳлиллар ўтказилади.
Тазйиқ ва зўравонлик содир этган ҳамда шунга мойил шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш ишларига мажбурий равишда Миллий гвардиянинг инспектор-психологлари ҳам жалб қилинади. Уларнинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастури "Инсон" марказлари билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Жорий йилнинг 1 январидан бундай шахсларнинг реестри ички ишлар идоралари томонидан юритилмоқда. Чунончи, бизнинг туманимиздаги "Инсон" ижтимоий ҳизматлар маркази психологлари томонидан Порлоқ, Тадбиркор, Давлатобод, Тўқувчи, Умид ва Қуйи Ровустон, Орзу, Боғ, Халқлар дўстлиги каби маҳалла фуқаролар йиғинларида жабрдийда хотин-қизлар ва уларнинг фарзандларига беминнат психологик хизматлар кўрсатиб келинмоқда.
Жумладан, "Зўравонликка қарши – 16 кун" мавзусида очиқ мулоқотлар ташкилланди. Бу борада Оила ва хотин-қизлар туман бўлими билан ҳамкорликда олиб бораётган ишларимиз яхши самаралар бермоқда. Одамларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ошяпти. Оилавий низолар бартараф этилмоқда.
Дилафрўз АППАҚОВА,
Давлатобод тумани "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази психологлар гуруҳи
бош мутахассиси.