Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида туғма юрак нуқсонли болаларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш такомиллашмоқда. Хорижий тажрибаларни изчил қўллаш, юқори технологияли жарроҳлик жамламалар келтирилиши, маҳаллий мутахассислар жаҳон стандартларига монанд маҳорат касб этаётгани ютуқлар омили бўлмоқда.

– Ўтган йили ижтимоий реестрдаги оилаларнинг 65 нафар кичик ёшдаги фарзандининг туғма юрак етишмовчиликлари жарроҳлик йўли билан соғайтирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 120 нафарга етказилиши режалаштирилган, – дейди филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Солихон Мўминов. – Бу, филиалда жаҳон тажрибаларини татбиқ этиш борасидаги чора-тадбирлар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят ҳокимлигининг бевосита ёрдами билан "Оккулюдор" қурилмаси ва бошқа ўнлаб турдаги юқори аниқликда ишловчи техник воситалар билан таъминланганимиз самарасидир.

Дарҳақиқат, яқин йилларгача кичик ёшдаги болалар юрак хасталикларини оператив муолажа қилишга киришилмаган филиалда эндиликда ёшига тўлмаган гўдаклар туғма юрак нуқсонларини даволашга ҳам эришилмоқда.

– Тўққиз ойлик ўғлим юрак етишмовчилиги билан туғилди, – дейди Гулноза Акбарова. – Энг муҳим аъзосида камчилик бўлса, унинг ривожи қандай кечади, деган ўй қайғуга солди. Филиал шифокорлари замонавий билим ва тажрибаларни эгаллаганлиги, ўта ноёб аппаратлар келтирилганлиги боис ўғлим каби болажонлар ҳаёти сақлаб қолинмоқда. Қаранг, шифокорлар ҳар бир гўдак учун беш-ўн соатлаб тик туриб, жажжигина юракчаларни асраб қолишмоқда. Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан, соғлиқни сақлаш мутасаддиларидан, шифокорлардан бир умр миннатдорман.

Ҳа, кардиология соҳасида ислоҳотлар жадаллаштирилгани сари янги-янги имкониятлар яратилмоқда. Натижада шу кунгача пойтахтимиз ҳамда хорижий мамлакатлардагина қилинган мураккаб ва юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиётлари Наманганда олиб борилмоқда, хусусан, болалардаги туғма юрак нуқсонлари вилоятнинг ўзида муваффақиятли даволаняпти.

Улуғбек СОБИТОВ,

журналист.