Вилоят ва туманларимиз шифохоналарида ташхис ҳамда даволашнинг халқаро андозаларга мос шарт-шароит­лари яратилиши, айни пайтда пойтахт ва хорижий тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик изчил йўлга қўйилиши юртдошларимизнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилмоқда.

Жумладан, академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиб­биёт марказининг етук мутахассислари Поп, Учқўрғон туманлараро политравма марказларига тез-тез ташриф буюриб, буйрак транспланта­цияси, қон-томир хасталиклари билан боғлиқ мураккаб операциялар ўтказиш асносида маҳаллий ҳамкасблари маҳоратини ҳам оширмоқдалар. Марказнинг Поп туманига нав­батдаги хизмат сафари билан келган етук жарроҳлари – профессор Ойбек Тоиров, Жавлон Мусаев дастлаб шифохонада қўшма шикаст ва қон-томир хасталиги туфайли даволанаётганлар ҳолати билан танишиб, қимматли тавсиялар бердилар, қабулга келганларни текшириб, даво муолажалари белгиладилар.

– Оёқларимда томирлар бўртиб, қақшаб оғрийдиган бўлиб қолган, – дейди Умрихон Тўйчиева. – Шу соҳанинг юқори малакали олим-шифокорлари туманимизга келишидан мушкулим осон бўлди. Бошқалар қатори мендаги аломатларни ҳам батафсил ўрганиб, айтган маслаҳатлари, белгилаган муолажаларидан кўнглим ёришди.

Сўнгра поплик мутахассислар иштирокида 84 ёшли Раҳимжон Сотволдиевда янги усулдаги қон-томир жарроҳлиги амалиёти бажарилди. Бир неча йилдирки, лериш синдроми туфайли отахоннинг ўнг оёқ артерия томири дағаллашуви 3-даражага етиб, эластиклигини йўқотган, деворлари ёпишиб, қон ўтказмай қўйган. Бир неча соат давом этган юқори технологияли мураккаб операция билан яроқсиз артерия сунъий томир билан алмаштирилди. Пировардида оёқ­ларида қон қуюлиш азоби ва унинг оғир эҳтимолий оқибатлари бартараф этилди.

– Қаранг, – дейди Раҳимжон ота, – туман касалхонасида ҳам шунақа ноёб операция қила олинадиган кунлар келади, мен ҳам шу ерда тузаламан, деб сира ўйламаган эдим. Ана, тиббиётдаги ислоҳотлар меваси! Хаёлимизга сиғмаган янгиликлар бўляпти. Энг қизиғи, оёғимдаги битиб кетган томирлар ўрнига янгисини қўйишибди-ю, ҳеч нарса сезмадим, гаплашиб ётавердим. Чекка-чекка жойларда ҳам катта имкониятларга эга бўлган шифохоналар барпо этиб, етук-етук мутахассислар билан таъминлаётган давлатимизга мингдан-минг раҳмат.

Нуроний эртасигаёқ, юртбошимизни, шифокорларни алқай-алқай, енгил ва оғриқсиз оёқлар билан гуллаган боғларини айлана кетди.

Муҳаммаджон ОБИЛОВ,

"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.

   Топ рейтинг www.uz