Вазирлик раҳбариятининг ҳудудларда фуқароларни сайёр қабул қилиш жадвали ишлаб чиқилган. Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Саидмурод Сайдалиев Поп тумани ҳокимлигида сайёр қабул ўтказди. 30 нафарга яқин фуқаро ўзини ёки фарзандини соғ­ломлаштириш масалалари бўйича мурожаат этди. Кўпчилик юрак туғма нуқсони, ҳаракат аъзолари, кўз касалликларини даволашга оид муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатилишини илтимос қилди.

Қабул жараёнида ҳар бир мурожаат бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. Уларни ижро этувчи тиббиёт муассасалари белгиланди. Кам таъминланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш бў­йича чоралар кўрилди.

- Менинг турмуш ўртоғим Замира Усмонова юрак хасталигидан азият чекар эди, - дейди Ҳасанбой ота Ҳамидов. - Вазир ўринбосарининг сайёр қабул ўтказиши айни муддао бўлди. У кишининг ҳузурига кириб фойдали тавсиялар олдим. Мутахассисларга эса зарур кўрсатмалар бердилар. Узоғимизни яқин қилган шундай олийжаноб инсонлардан беҳад миннатдормиз.

Бундай дил сўзларини Расулжон Жўраев, Хурсандбуви Раҳимова ва бош­қалардан ҳам эшитдик.

Сайёр қабул куннинг иккинчи ярмида Мингбулоқ тумани ҳокимлигида давом эттирилди.

Қабул жараёнларида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов ҳамда бошқарманинг бош мутахассислари ҳам қатнашдилар.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.

Суратда: қабул пайти.