Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида маънавий-маърифий ишларни янада яхшилаш масаласига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унга вилоят даволаш-профилактика муассасалари, Наманган шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари маънавият тар­ғиботчилари таклиф этилди.

Дастлаб соҳада ўтган йил амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, жорий йилдаги вазифалар белгилаб олинди. Бу ҳақда ВССБ Маънавият ва маърифат Кенгаши масъул котиби, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиевнинг маърузаси тингланди.

"Тиббиёт ва замон" журнали муҳаррири Манзура Эргашева эса тизимда лотин алифбосига асосланган давлат тилида иш юритилиши ҳолати, кузатилаётган айрим камчиликлар ва ечимини кутаётган муаммоларга эътиборни қаратди. Бинобарин, Президентимизнинг 2020 йил 20 октябрдаги "Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6084-сонли Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 61-сонли қарори ижроси борасидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарур.

Вилоят болалар стоматология поликлиникаси шифокори Баҳодир Турдиев, Уйчи ва Тўрақўрғон туманлари тиббиёт бирлашмалари маънавият тарғиботчилари Аҳмаджон Юсупов, Фароғат Абдуллаева ҳамда вилоят болалар фтизиатрия сиҳатгоҳи бош шифокорининг маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Саида Дадабоева фаолият самарадорлигини оширишга доир қимматли таклифларни ўртага ташладилар.

Соғлиқни сақлаш соҳасида маънавий-маърифий ишларни тубдан такомиллаштириш юзасидан фикр­лашиб олинди.

   Топ рейтинг www.uz