Диёримиз тиббиётидаги янгиланишлар натижаларини вилоятимиз мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Биргина бирламчи тиббий-санитария хизмати нақадар юксалганлигини ҳар бир қишлоқда фаолият кўрсатаётган врачлик пунктлари тасдиқлаб турибди. Бугунги кунда вилоятда 329 та даволаш-профилактика муассасаси бўлса, улардан 217 таси қишлоқ врачлик пунктидир. Шунингдек, 35 та шифохона ва сиҳатгоҳлар, 13 та оилавий поликлиника, 8 та ихтисослаштирилган тиббиёт маркази мавжуд.

Келажаги буюк мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги "2014 - 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Ушбу Дастурда қайд этилган улуғвор мақсадлар ижросини изчил таъминлана бориб жисмонан бақувват ва маънан етук авлодни шакллантиришга эришилмоқда.

Инвестиция дастури асосида тиббиёт муассасалари моддий-техник базаси йил сайин ривожлантирилмоқда. Жумладан, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят кардиология маркази, вилоят онкология диспансери, Янгиқўрғон ва Мингбулоқ туманлари марказий шифохоналари ва бош­қа даволаш масканлари реконструкциядан чиқарилди.

Ушбу мақсадлар учун ажратилаётган бюджет маблағлари салмоғи тобора ортиб бор­япти. Жорий йилнинг ўзида 17 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган. Бу маблағ эвазига Норин тумани тиббиёт бирлашмаси биносини қайта қуриш 3-босқичда давом эттирилмоқда. Учқўрғон, Чуст, Чортоқ туманлари тиббиёт бирлашмалари биноларини реконструкциялаш ва капитал таъмирлаш жадал кетяпти. Чуст шаҳрида эса сил касалликлари диспансери учун янги бино қад ростлади.

Бунёдкорлик ишлари пировардида кўркам қиёфага кирган муассасаларимиз "Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминланмоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Янгиқўрғон ва Мингбулоқ туманлари марказий шифохоналарига ўрнатилган рентген аппаратлари мукаммаллиги билан ажралиб туради.

Бинолар қайта таъмирланаётганлиги, шифохоналар энг сўнгги русумдаги тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминланаётганлиги шифокорларнинг билим ва кўникмаларини янада бойитишни тақозо этмоқда. Чунки малакали хизмат кўрсатишга қодир билимдон ва маҳоратли мутахассисларсиз мақсадга эришиш қийин, албатта. Республика тиббиёт олийгоҳлари, илмий-амалий тиббиёт марказлари билан ҳамкорликда тадбиқ қилинаётган "Маҳорат дарслари" ижобий самаралар бераётгани сир эмас.

Қисқа фурсатда РШТЁИМ Наманган филиали, РИА ва ГИАТМ вилоят филиали, вилоят кардиология маркази, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят онкология диспансери ва бошқа кўплаб даволаш-профилактика муассасаларида ўтказилган кўргазмали машғулотлар чоғида пойтахтдаги клиникаларда қилинадиган ўнлаб мураккаб жараёнлар вилоятимизда бажарилди. Натижада маҳаллий шифокорларнинг тажрибаси ортиб, эндиликда қатор янги амалиётлар бевосита Намангандаги шифохоналарда муваффақиятли ўтказилмоқда.

Қутлуғ айём арафасида алоҳида таъкидлаш жоизки, мустақиллик шарофати билан саломатлик посбонлари хизмати қадр-қиммати ортди. Айниқса, ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида "Тиббиёт ходимлари куни"ни тантанали тарзида нишонланиши қалбларимизни янада ғурурга тўлдирмоқда.

Азиз ҳамкасблар! Барчангизни яқинлашиб келаётган анънавий касб байрамингиз билан чин дилдан самимий муборакбод этамиз. Халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш борасидаги эзгу ишларингиз бароридан келсин.