ЁХУД НАМАНГАНЛИК УРОЛОГ-ЖАРРОҲЛАР МУВАФФАҚИЯТИ
Наманган вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида Давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳомийлигида ўн олтинчи бор буйрак трансплантацияси ўтказилди. 40 ёшли Мақсаджон Насриддиновга сурункали буйрак етишмовчилигини енгиш учун кунора гемодиализ олиши ҳам наф бермай қолган эди. Сингиллари урология бўлими мудири, олий тоифали врач Сайфиддин Мамадалиевга биргина акаларининг ҳаётини ўз буйракларини бериб бўлса-да, сақлаб қолишга қарор қилганликларини айтдилар.
Доктор эса бундай қариндошлик туйғуси баланд, журъату жасорат соҳибаси бўлган сингилларга юқори технологик операция харажатларини ДТСЖ қоплаб беришини маълум қилиб, уларнинг кўзларида севинч ёшларини қалқитиб юборди. Моҳиранинг соғлом буйрагидан бири акасига муваффақиятли ўтказилди. Мақсаджоннинг умрига умр қўшган синглиси, Давлат тиббий суғурта жамғармасининг вилоят ҳудудий бўлими ва қўли енгил шифокорларга миннатдорчилик изҳорлади.
Ҳа, уч йилдирки, шундай амалиёт туфайли ҳаёти сақлаб қолинганлар қувончига қайта-қайта гувоҳ бўлмоқдамиз. Яхши биламизки, 2021 йилда академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг профессори, тиббиёт фанлари доктори Фазлиддин Баҳриддинов ташаббуси билан республика вилоятлари орасида илк буйрак трансплантацияси Наманганда ўтказилди.
– Мақсад юқори технологияли муолажаларни аҳолига яқинлаштириш, бемор ва донорлар, уларнинг яқинларини пойтахт ва чет элларда даволаниш сарсонгарчиликларига барҳам бериш, узоғини яқин ҳамда мушкулини осон қилиш эди, – дейди С. Мамадалиев. – Ўтган вақт ичида амалга оширилган технологик тараққиёт, маҳорат дарслари ўз натижаларини берди. Наманганимизда ҳам трансплантация мактаби вужудга келди.
– Дастлабки вақтда Тошкентдан буйрак кўчириб ўтказиш амалиётига тааллуқли 6-7 нафар мутахассислар бригадаси келарди, – дейди хирургия маркази жарроҳ-трансплантологи Жасур Ўринов. – Бора-бора бунга ҳожат қолмади. Сайфиддин Мамадалиев, Баҳодир Режаббоев, Оқила Зокирова каби етук мутахассислар жаҳон андозасида трансплантология бўйича потенциал малака ва тажрибага эга бўлдилар.
Бўлим мудири таъкидлаганидек, кейинги йилларда хорижий тиббий марказларда малака ошириш имкониятлари кенгайтирилиши, замонавий аппарат ва ускуналарнинг келтирилиши эришилаётган ютуқларнинг муҳим омили бўлди. Дарҳақиқат, бошқарма бошлиғи Абдулҳоди Иминовнинг саъй-ҳаракатлари туфайли марказ етакчиси раҳбарлигида бир ой Ҳиндистондаги энг илғор трансплантология клиникаларида малака оширилди. Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовнинг бевосита ёрдами билан 147 миллион сўмлик ускуналар сотиб олинди. Жарроҳлик хонаси мукаммал таъмирланиб, халқаро стандартларга мос жиҳозланди. Яқинда эса туркиялик ҳамкасблар тажрибаси ўрганиб келинди.
Изланишлар урологик касалликларнинг бошқа турларини даволашнинг ҳам замонавий усулларини жорий этиш имконини берди. Жумладан, тош касаллиги фақат кесиш йўли билан даволанган бўлса, эндиликда каминвазив тарзда уддаланмоқда. Кисталар эса илгаригидек тиғ билан эмас, "ақлли" ускуналарда кичикинагина тешикча орқали олиб ташланмоқда. Аёллар сийдик тутолмаслик касаллигини лента усулида даволаш йўлга қўйилди. Сийдик каналининг торайган қисмида ҳосил бўлувчи хасталик муолажасида ҳиндистонлик профессор Санжай Кулкарн кашф этган тажриба татбиқ этилмоқда.
Бўлимга йилига 10 мингга яқин бемор мурожаат қилади. Даволанишга муҳтож 2200-2300 беморнинг 1600-1700 нафари ана шундай оператив йўл билан соғайтириляпти. Юқори технологияли операциялар эса ўртача 700 тани ташкил этмоқда. Урологик хизматлар эндиликда 40 турдан ортиб кетди.
Яқинда яна бир қулай имконият яратилди. 4 миллиард 210 миллион сўмлик тиббий технологик жамланма келтирилди. Улар таркибида 100 вольтлик лазер, лапароскоп, эндоурологик ускуналар, қайчи, шипчик, простата безидан трансэктал биопсия олиш учун УЗИ, электрокоагулятор каби ўта зарур ва ноёб воситалар мавжуд.
Булар простата бези касалликларини эрта аниқлашни жорий қилиш имконини беради. Туманларга сийдик босимини ўлчовчи урофульметр ўрнатилади. Бирламчи тизимнинг урологик касалликларни эрта аниқлашдаги роли оширилади.
М. ОБИЛОВ.