ЁХУД ЮРАКДЕК БЕТИНИМ ФИДОЙИ ИНСОНЛАР

 

"Юрак – бебаҳо, муштдек "митти полвон" ниҳоятда катта ишни бажаради. Кун давомида шу қадар катта энергия ишлаб чиқарадики, у енгил автомобилни 30 километр ҳаракатланишига етади.

 

Юрак етмиш йил мобайнида ўн миллион пуд қонни ўзидан ҳайдайди...

 

Бундан 70-80 йил олдин уни дарддан халос қилмаса, даволамаса бўлмайди, дегувчиларга ҳеч ким ишонмасди. Ўз истиқболига ишонч кўзи билан боқувчи олимлар юракдаги касалликларни енгиш муаммосини тўла-тўкис ҳал этмагунича курашни тўхтатмадилар. Лекин бу улкан ютуқ осонликча қўлга киритилмади".

 

Юқоридаги сатрлар тиббиёт фанлари доктори Азимжон Ҳикматовнинг "Кафтида юрак тутганлар" китобидан олинди. Ана шу осон кечмаган жараён, унинг иштирокчилари – пойтахтдаги кардиолог олимлар, вилоят кардиология марказидаги фидойи шифокорлар фаолияти орқали 476 саҳифали китобда жуда жозибали экс эттириб берилган.

 

"Ушбу тарихий китобни ёзиш фикри кўригимга келган бир бемор ўзида бир йил аввал ўткир миокард инфарктни ўтказиб, шифохонага оғир ҳолатда тушганда, ўлимдан сақлаб қолган даволовчи шифокорнинг исм-шарифини эслай олмагандан кейин пайдо бўлди. Ажабо, бу-ку бемор, бизларчи ўз устозларимизни эслай оламизми?! Уларнинг Наманган вилоят, шаҳар ва туманлардаги кардиология соҳасига қўшган ҳиссалари ва хизматларининг қай даражада эканини биламизми..." Бу фикрлар тиббиёт фанлари доктори, серқирра ижодкор Мирмаҳмуд Мирсайдуллаевнинг "Наманган кардиологияси тарихи" китоб-альбомида қайд қилинган. Муаллиф қатор-қатор суратлар, қисқача матнлар, изоҳлар билан ўзи қўйган саволга имкони доирасида жавоб беришга интилган. Натижада вилоятнинг биринчи кардиологидан бошлаб, бугунги авлод вакилларининг суратлари, улар тўғрисидаги қимматли маълумотларни киритиб, катта тўплам яратган.

 

5 февраль куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали йиғинлар залида ҳар икки китобнинг тақдимот тантанаси уюштирилди. Унга вилоятимиз кардиолог мутахассислари таклиф этилган эдилар. Анжуманни вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев кириш сўзи билан очди. Сўнгра сенаторлар – Икромхон Наж­миддинов, Одилжон Маматкаримов, Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган худудий бўлими раҳбари Мусохон Оппоқов, Қозоғистондан ташриф буюрган меҳмон, Турон фанлар академияси академиги Эркин Мўлдабоев ва бошқалар сўзга чиқишди.

 

Айниқса, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий маркази Наманган филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Солижон Мўминовнинг "Кардиология: кеча ва бугун" мавзусидаги тақдимот маърузаси йиғилганларда бой таассуротлар қолдирди.

 

Анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлими раҳбари, шоир Зиёвиддин Мансуров шифокорлар шаънини улуғлаб гапирар экан, эзгу касб соҳиблари мадҳига бағишланган шеърини ўқиб берди. Алишер Навоий номидаги вилоят театри актёри Маҳмуджон Мусабоевнинг Ибн Сино сиймосидаги чиқиши, Ҳамиджон Маллабоевнинг тиббиётчиларни тараннум этган дилрабо қўшиғи ҳам анжуманга янада файз бағишлади.

 

Турон фанлар акаде­мия­сининг Наманган бўлими раҳбари Соҳибахон Аъзамова эса тиббиёт илғорларига академиянинг кўкрак нишонлари ҳамда эсдалик совғаларини тантанали топширди.

 

Тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосов, тиббиёт фанлари номзодлари – Раҳматулла Муҳиддинов, Баркамол Исоқовлар ҳар икки китобнинг тарихий ва тарбиявий аҳамияти тўғрисида фикр юритиш билан бирга шундай маънавий-маърифий ишни рўёбга чиқарган олим-шифокорларга миннатдорчилик билдиришди. Муаллифлар эса юксак эътирофлар ва эҳтиромлар учун мамнунлик изҳорлашди.

 

Тадбирда вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов иштирок этди.

 

Анжуманга таклиф қилинган ҳамда китобдан ўрин олган фидойи касб эгаларига, ўтиб кетганларнинг оилалари вакилларига тадбир якунида "Наманган кардиологияси тарихи" китоб-альбоми тарқатилди.

 

Содиқ САЙҲУН.