ЁХУД ОПАНИНГ БУЙРАГИ УКАСИГА ҲАЁТ БАХШ ЭТМОҚДА

 

Умр – инсонга фақат бир мартагина ато этиладиган бетакрор илоҳий неъмат. Ўзининг танасини ножўя таъсирлардан асрашнинг уддасидан чиққанларгина унинг узун ва ҳузур-ҳаловатли кечишига мушарраф бўлишади. Афсуски, ҳаёт мураккаб, яхши-ёмон кунлар, турмуш шароитлари бунга ҳамиша ҳам имкон беравермайди. Оқибатда соғлиғимизни кутилмаганда йўқотамиз.

 

Азоб-уқубат танамизни тобора қамраб олаверади. Ана шундай вазиятда қўлидаги ҳаётбахш тиғи билан хастаҳолларнинг тугаб бораётган умрини яна давом эттириши учун тиббиёт фидоийлари астойдил жон куйдиришади.

 

Бундай ҳайратона ҳолатларнинг узоқ-узоқлардагина эмас, шундоққина ёнимиздаям шоҳиди бўлаётганимиз бугун кўнглимизда халоскор инсонларга нисбатан чексиз миннатдорчилик ва олқиш туйғуларимизни беихтиёр жўш урдириб юборади.

 

Шу йилнинг 16 январида Поп туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказида мўъжизакор қўллар шарофати билан бўйрак кўчириб ўтказишдек юқори технологияли хирургик амалиёт бажарилди.

 

Икки операция столининг бирига бемор – Замирбек Шодмонов, иккинчисига унинг опаси – донор Зулайҳо Шодмонова ётқизилди. Бемор ташхиси: сурункали гломерулонефрит гипертоник тури, буйракларнинг иккиламчи бужмайиши. Операция мақсади буйрак транспланта­цияси. Уни амалга оширувчилар академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий марказининг профессори Фазлиддин Баҳриддинов раҳбарлигидаги гуруҳ бўлди.

 

Пойтахтдан ташриф буюрган устоз трансплантолог-хирургнинг шогирдлари – Музаффар Рустамов, Жасур Ўринов, Қодир Маҳмудов, Жавлон Мусаев каби меҳмон мутахассислар, поп­лик мезбон касбдошлари – Жамшид Нўъмонов, Рўзимбой Давлатов ва Одилжон Қаюмовлар қарийб беш соат давомида донордан соғлом буйрак олиб, бемор танасига ўтказиш учун бор билим ҳамда малака-маҳоратларини сарфлашди.

 

Ниҳоят тирик қариндош донордан гетеротопик чап томонлама буйрак трансплантацияси кутилган самарани берди. Қирқ бир ёшли Замирбек билан эллик бир ёшли опаси Зулайҳо орадан ўн икки кун ўтиб, қониқарли аҳволда уйларига кузатиб қўйилди.

 

Биз Тўрақўрғон туманидаги Тепа Найманча маҳалласида яшовчи Шодмоновлар хонадонига боргач, нафақат оила аъзолари, барча яқинларининг беҳад шодлигига шоҳид бўлдик.

 

– Россия Федерациясида ишлардим, – дейди Замирбек Шодмонов, – бирдан буйрагим панд бериб қолди. Ўтган йилнинг октябри­да ўз Ватанимга етиб келдим. Даставвал, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида, ке­йин вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида даволандим. Аҳволим бироз енгиллашган бўлса-да, сурункали буйрак етишмовчилиги оқибатида вақти-вақти билан гемодиализ аппарати орқали қонимни тозалатиб туришимга тўғри келди.

 

Лекин бу жараён 47 марта такрорлангач, врачлар гемодиализ ёрдами билан яшаш вақтинчалик чора эканини, барибир соғлом буйрак ўтказиш зарурати кучайиб бораверишини, агар шундай қилинмаса, яшаш имконияти қолмаслигини қайта-қайта уқтиришди. Минг шукур, "Ким ҳам менга соппа-соғ буйрагини беради?" деб узоқ ўйлаб, ўтирмадим. Меҳрибон опажонимнинг розилигини эшитиб, бошим осмонга етди. Мана, оилам бағридаман. Турмушдошим ва уч фарзандим бахтига соға­йиб қолдим. Шундай инсонпарвар давлатнинг фуқароси эканимдан ғоят фахр­ланиб ётибман.

 

– Тиббиёт фанлари доктори, профессор Фазлиддин Баҳриддиновга, унинг трансплантолог шогирдларига ва поплик жарроҳларга қойил қолмай иложимиз йўқ, – дейди Замирбекнинг умр йўлдоши Одинахон Кепакова – Роса қўрққандик, боз устига бундай қимматбаҳо операция тўлови учун етарли маблағ жамғаришга улгуролмагандик. Буни қарангки, давлатимиз томонидан имтиёзли ҳолатда, бепул сифатли хизмат кўрсатилди. Узоғимиз яқин, мушкулимиз осон бўлди. Шундоққина қўшни туман шифохонасида операция ўтказилади деб сира-сира ўйламаган эдик-да. Ҳаммаларига такрор-такрор раҳматлар айтсак ҳам оз.

 

Дарвоқе, вилоятимизда илк бор Поп туманида бажарилган мазкур буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти истиқлол даври ислоҳотлари чегара билмаслигидан, чекка-чекка туманларда ҳам худди пойтахт ва вилоят марказидаги каби қулай шарт-шароитлар, зарур имкониятлар яратиб қўйилаётгани бугунги тиббиёт тараққиёти жаҳон андозалари даражасига кўтарилиб бораётганидан далолат беради.

 

Содиқ САЙҲУН.