Жаҳонда кўплаб инсонлар саломатлиги ва оилалар мустаҳкамлигига рахна солаётган, давлатлар иқтисодиётига катта зарар етказаётган ОИВ инфекцияси билан курашиш бутун жамиятнинг муҳим масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Президентимизнинг 2023 йил 20 январдаги "Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 14-ПҚ-сонли қарори касаллик ташхиси, профилактикаси ва даволаш ишларининг янада фаоллашувини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

 

Мазкур қарорга кўра аҳоли ўртасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир 2023-2027 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Шунга мувофиқ Наманган вилоят ҳокимининг 2023 йил 13 февралдаги чора-тадбирлар режаси ҳам тайёрланган эди. Ўшандан буён вилоятда меҳнат мигрантлари орасида ОИВ касаллигини эрта аниқлаш, даволаш тадбирлари самарадорлигига эришиш ҳамда унинг эпидемиясига барҳам беришни кўзда тутувчи "95x95x95" тамойили асосида иш ташкилланмоқда. Жумладан, 2025 йил 27 январда касалликнинг оилада оналар ва болаларга юқишининг олдини олиш мақсадида вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармасининг "Меҳнат мигрантларини ОИВ инфекциясига бепул текшириш бўйича акция ўтказиш тўғрисида"ги 16-сонли буйруғи чиқарилди. 27 январ­дан АКЦИЯ бошланди. Бу тадбир 1 мартга қадар давом эттирилади.

 

Ўтказилган таҳлиллар кўрсатяптики, бугунги кунда касалланишнинг асосий сабабларидан бири ташқи миграция бўлиб қолмоқда. 2024 йилда аниқланган ҳолатларнинг 20-25 фоизи меҳнат миграцияси билан шуғулланиб келган аҳоли қатламига тўғри келмоқда.

 

Чет давлатларда ишлаб қайтаётган юрт­дошларга, мурожаатимиз шуки, билиб қў­йинг, хорижда ишлаш жараёнида соғлиғингиз кафолатлаб қўйилмаган. Сизлар ўз оилангиз бағридан узоқ давлатларга кетиб, турли машаққатлар чекиб, ҳалол пул топиб, ўз юртингиздаги яқинларингиз яхши яшаши учун маблағ йиғасиз. Ҳаммангиз ўз ватанингизга кириб келишингиз билан фарзандларингиз, турмуш ўртоғингиз ёки ота-онангиз олдига борасиз. Энди тасаввур қилинг, чет давлатдан бедаво дардни юқтириб келган бўлсангизчи? Оқибати уқубатли бўлишини ўйлаб кўрганмисиз? Ахир сиз уларнинг умри охиригача етадиган ечимсиз муаммони яратиб қўясизку! Албатта, буни ҳеч бирингиз хоҳламайсиз!

 

Унутманг, ОИВ инфекциясига фақатгина тиббиёт ходимлари ёки тиббиёт муассасалари қарши курашиб, уни енга олмайди. Бедаво хасталик инфекциясига қарши барчамиз бир тану-бир жон бўлиб курашсаккина, кутилган натижага эришамиз.

 

Чет элда 3 ойдан ортиқ муддатда бўлиб қайтган меҳнат мигрантлари, сизлар вилоятимизнинг барча туманларида жойлашган кўп тармоқли марказий поликлиникаларнинг муолажа хоналарида бепул ОИВга қон намуналарини топширишларингиз мумкин. Бу билан ўзларингизнинг ҳам, яқинларингизнинг ҳам соғлиғи учун биз билан биргаликда курашган бўласизлар.

 

Б. РАҲМОНОВ,

 

Н. БЕКМУРОДОВ,

 

вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассислари.