Улар учун тўнғичи жуда-жуда қадрли эди. Ёш оила соҳиблари ширин орзу- умидлари усти-устига саробга айланаверишидан беҳад юрак олдириб қўйишганди. Яъни фарзанд кўришар­ди-ю, чақалоқлигидаёқ тупроққа топширишарди. Бу галгисининг исмини ирим билан Турсунбой аташди. Шуниси туриб қолсин, шуниси яшаб қолсин, деган ниятда. Эзгу истакларининг ижобатидан эса бошлари гўё фалакка етди-ёв. Кўзларининг оқу қаросини асраб-авайлаб ўстиришар экан, орқасидан Деҳқонбойу Олимжон, Мелихону Холинсалар оила бағрини тўлдиришди.

- Онаси, болаларимиз яхши улғайишяпти-ю, ўзимизнинг соғ­лигимизни ўйламаяпмиз чамаси, - қаттиқ йўталдан ҳоли қуриган Аҳмаджон ота хотинига дўхтирга учрасаммикин, деган маънода маслаҳат солди.

- Тўғри айтасиз, отаси, - айниқса, сиз даланинг заҳидан совуқ ҳавосидан озор чекяпсиз, бир амаллаб кунимиз ўтар, ётиб даволанмасангиз бўлмайди, - куйинди Фазилатхон ая.

- Дада, шамоллашингиз зўрайибди-ю, бунақада йиқилиб қоласиз, - деди мактабидан қайт­ган Турсунбой меҳрибонлик билан. - Дўхтирлар нима дейишса, ўшани қилайлик!

Аҳмаджон Содиқов базўр жилмайиб тўнғичининг гапини маъқулларкан, хаёлида кечган фикрдан кўнгли ёришди. "Турсунбойни дўхтирликка ўқитсак, қачон эру хотин оғрисак, ўзи даволайверарди" деган фикрга келаётганди. Шифохонада бир муддат муолажа олгач, аҳволи енгиллашиб, оиласи бағрига қайтгач, дилидагини айтиш мавруди етганлигини пайқади.

- Турсунбой, бу йил мактабни тамомлаяпсиз, аввал ўзингиздан сўрайлик, қайда ўқимоқчисиз, ким бўлмоқчисиз?

- Халққа ҳар куни нафим тегадиган касбни танлаб турибман.

- Қанақа касб экан у?

- Дўхтирчилик-да...

Отанинг мижжаларида ёш қалқиди.

- Дард берадиган худо, унинг нажоткориниям ўзимиздан чиқишини иноят қилаётгани-да, хотин. Эшитдингми, ўғлинг орзусини?

- Аллоҳимга минг бора шукур, фарзандимизга умр берганга яраша, толеиниям баланд қиладиганга ўхшайди, отаси, - Фазилатхон аяям ҳаяжонланиб мамнунлик изҳорлади.

- Қани, қўлингни оч, ўғлим. Илоҳим орзуинг ушалсин, ўша мединститутингга бир боришдаёқ кириб кетгин!

Турсунбой Аҳмедов ота-онасидан оқ фотиҳа олгач, Самар­қанд тиббиёт олийгоҳига отланди. Омади чопди. Ахир билимдонликда ҳам тенгдошларининг олди эди-да. Олти йиллик тиб илмини ўрганиш осон кечмади-ю, қўлига диплом текканида, оқ халатли халоскор инсонлар сафига қўшилаётганидан ғоят фахр туйди.

"Бир кам дунё" нақли мағзини Турсунбой барвақт чаққанди. Тўғри, у врачликка ўқиб, отаси нияти ижобатини таъминлади, ҳатто талабалик чоғларида падари бузруквори соғлигини тиклаш учун баҳоли қудрат елиб-югуриб муолажалар ўтказди. Лекин ўпка шамоллашининг оғир асоратлари Аҳмаджон Содиқовни 54 ёшида оиласи, фарзандлари даврасини боқийликка тарк этишига олиб келди. Барибир тўнғич ўғил қўлидан келганича ота хизматини адо этиб, дуоларига муносиблик мақомида беармонлик туйғусидан кўнгли хотиржамлик тортди.

Ота ўлимидан бир йил ке­йин - 1955 йилда у вилоят силга қарши кураш диспансерида врач-ординаторликдан ҳақиқий тиббий фаолиятини бошлади. Ука-сингиллари раҳнамосига, онасининг суянган тоғига айланди. Энди унинг учун ҳаёт сабоғи ортидан ясаган ягона фалсафаси - ҳузурига дардига даво истаб келган бемор кимлигидан қатъий назар кексаларни-худди ота-онаси, ёши ўзидан улуғроқларни ака-опаси, кичикларини эса ука-синглиси тимсолида меҳру-муҳаббатига лойиқлигини қалбдан ҳис қилиб ишлаш ва яшашдан иборат бўлиб шаклланганди. Ана шунинг эвазига топгани-ихлос, ишонч, ҳурмат ва обрў касб этди. Уч ойдаёқ бўлим мудирлигига, кейинчалик бош врачликка лойиқ кўрилди.

Чуқур билимли, юқори малакали врач-фтизиатор, ташкилотчилиги юксак раҳбар сифатида вилоят тиббиётининг юқори даражали бошлиқлари назарига киришга улгургани боис 1958 йили унинг зиммасига янада масъулиятли вазифа юкланди. Ҳали фаолиятига унчалик кўп вақт бўлмаган, ривожлантирилиши учун кечаю-кундуз қайғурадиган раҳнамони кутаётган "Пахталикўл" санаторийси бош врачлиги лавозимида ишни давом эттириш Турсун Содиқовичнинг чекига тушганди. У ҳеч иккиланмади, балки бутун вужуди билан янги муассасани республика миқёсидаги намунали маскан қиёфасига киритиш ҳаракатида тиним билмади. Бош врачликни янги қабул қилиб олган ўша пайт­да санаторийнинг фақат 2 тагина катта биноси қад ростлаган эди, холос. У бу ердаги тоза ҳаво нафас йўллари ва ўпкани даволаш учун жуда қулайлигини назарда тутиб, эртани ўйлаб иш тутди. Қурилишлар кўламини кенгайтирди. Яна 6 та корпус қурилди. Ҳар йили минглаб хаста инсонлар обод ва хушҳаво санаторийда соғлиқларини тиклаш ва мустаҳкамлаш учун барча шарт- шароитлар яратилди. Ҳатто ўзининг ёрдамчи хўжалиги ташкилланди. От ва сигирлар боқилиб, қимиз ва сут таъминотида тўкислик туғдирилди. Беморлар ўзларини гўёки истироҳат боғида юргандек ҳис қилишлари учун ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш масаласи билан жиддий шуғуланилди. Чунки, санаторийда силга чалинганлар бир неча ойлаб яшашлари ҳисобга олиниб, айни ўша чоғларда ўқиш ёки меҳнат қилишдан узилиб қолмасликлари учун барча ҳаётий эҳтиёжлари қондирилиши таъминланди.

Раҳбарнинг ўзи ходимларга изланиш ва малака оширишда шахсий ўрнак бўлаётгани учун жамоанинг эришаётган ютуқларига ютуқ қўшилаверади. Турсун Содиқович устози академик Шокир Алимович раҳбарлигида "Сил касаллигини меҳнат билан даволаш" мавзусида илмий тадқиқот ўтказишга қатъий бел боғлагани шундан далолатдир. Билим билан тажрибанинг уйғунлиги санаторийдаги ибратли ишлар мисолида далиллана бошлади.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми бор).