Икромжон 1995 йилдан Поп туман марказий шифохонасида травматолог врач бўлиб хизмат кўрсата бошлади. Тажрибали жарроҳ Эркинжон Жумаев назарияни амалиётда қўллашда яқиндан ёрдам берди. Зеҳни ўткир йигит қисқа фурсатда касбининг нозик сир-асрорларини ўзлаштирди. Айни маҳалда марказий поликлиникада, бўлимда навбатчилик пайтларида янада тажриба орттирди. 2007-2008 йилларда туман марказий шифохонаси бош шифокорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари вазифасини бажарганида, чинакамига эл назарига тушди. 2010 йилдан эса травматология бўлими мудирлиги унга ишониб топширилди.
- Бўлимимизга даво истаб келган беморлар учун барча шароитларни яратиш ҳаракатидамиз, - дейди Икромжон биз билан суҳбатда. - Туманимиз ҳудуди катта, айниқса, водийга кириш дарвозаси бўлгани учун йўлларда кўнгилсиз воқеалар рўй берса жароҳат топганларни зудлик билан бўлимимизга келтиришади. Бўлимимизнинг 25 кишилик жамоаси ҳамиша бир тану бир жондек аҳил. Экстромедуляр, интромедуляр, офтеосинтез амалиётлари ўтказилади."Иллизаров" КДО каби аппаратлар борлиги ишларимизни доимо енгиллаштирмоқда. Беморлар тезроқ тузалишларида шифокорларимиз касбий маҳоратларини муттасил ошириб келиб, амалиётда қўллашлари ҳам асосий омил ҳисобланади. Биз травматологларнинг шиори шундай: "Инсонлар доимо бешикаст юришсин. Ҳеч кимни ҳеч қачон юрар оёқдан қўймасин!"
Поп ТТБ бошлиғи Шерзодбек Бобоев ҳам туманга келган пайтиданоқ дастлаб Икромжон ака билан бирга ишлаганидан фахрланиб сўзлайди. Ҳамкасби Саидаброр Пўлатов, шогирди Лочинбек Анорқуловлар ҳам мамнунлик билан ижобий фикрлар билдиришди.
Дарҳақиқат, бўлим бошлиғи ва жамоа тўғрисида дил изҳорлари кўп. Бунга ўз-ўзидан эришилмаган. Мукаррам Тошматова, Нодира Саминова, Насиба Эгамбердиева, Сарвара Таянова, Адолат Мамадалиевадек касбининг фидойи ҳамширалари врачларга ҳамиша ҳамкору, кўмакдош.
- Бўлимга келганимда тик туролмай қолгандим. Уйда йиқилиб оёғим қаттиқ лат еганди. Икромжон ака кўриб "Уч кунда юриб кетасиз" дея кўнглимни кўтариб даволашни бошлашди. Айтганларидек, мана бугун учинчи кун юряпман, - дея суҳбатга қўшилди туманнинг олис, тоғолди Имом ота мозори қишлоғилик Жасурбек Асқаров. - Шифокорларга катта раҳмат.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.