Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг аҳоли репродуктив саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Васила ТОЖИБОЕВА билан суҳбат.
– Васила Мирзанажотовна, Президентимизнинг ўсма касалликларини эрта босқичда аниқлаш ва даволашга эришишни таъминлашга қаратилган "Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-402-сонли қарори билан 2025 – 2030 йилларда Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш Дастури ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари режаси тасдиқланганидан хабардормиз. Ана шу режани бажариш бўйича дастлабки маълумотларга тўхталсангиз.
– Аввало, таъкидлаш жоиз, бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони дунё бўйича аёллар саломатлигига тобора жиддий таҳдид солаётган касалликлардир. Мамлакатимизда ҳам бачадон бўйни саратонини даволаш, паллиатив ёрдам кўрсатиш, ОПВга қарши эмлаш, бачадон бўйни саратонини скрининг қилиш каби бирламчи профилактик тадбирлар изчил амалга ошириляпти. Натижада касалланиш ва саратоннинг бу тури сабабли ўлим ҳолатлари камайишига бир мунча эришилди. Бироқ вазият мазкур касалликларнинг олдини олиш, скрининг, ташхислаш, даволаш жараёнларини бир бутун тизимга айлантиришни, соҳа моддий-техника базасини такомиллаштиришни, тармоқлараро электрон интеграциялашувни, дунё тажрибаларини янада кенг татбиқ қилишни, айниқса, мутахассислар билим ва хизмат маданиятини оширишни тақозо қиляпти. Шу пайтгача бизлар, асосан, онкологик касалликларнинг асоратлари билан курашиб келгандик. Эндиликда эса фуқароларимизда онкологик касалликларни эрта аниқлашнинг янги ва замонавий шакл, услубларини татбиқ этиш бўйича кенг қамровли ишларни амалга оширишга астойдил киришдик.
Президентимиз қарорида шу каби долзарб вазифалар белгилаб, қатъий бажариш йўл-йўриқлари кўрсатилган. Бунга мувофиқ бирламчи бўғинда 30-65 ёшдаги аёлларнинг электрон рўйхатини тузиб чиқиш бошланди. Уларни тиббий кўрикка жалб этишнинг янги, самарадор тизими шакллантирилди. 30-50 ёшли аёллар бачадон бўйни саратони скрининги, одам папилломаси вирусини полимераза занжирли реакция текшируви ҳамда суюқлик цитологияси усулида текшириш имконият ва кўлами кенгайтирилмоқда. Кўрик натижаси манфий чиққан аёллар учун 10 йил ичида қайта текширув жадваллари тузиляпти. Мусбат натижалилар эса қўшимча текширувдан ўтказиляпти. Саратонолди белгилари мавжуд аёллар амбулатор даволаш учун Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази филиалига йўналтириляпти.
Дастурга биноан 30-65 ёшдаги аёлларни ҳар икки йилда бирламчи саралашдан ўтказиш режали равишда ва қатъий назорат остида бошланди. Бунда кўкрак бези текшируви 45 ёшгача бўлган аёлларда ультратовуш диагностикаси, ундан катта ёшлиларда маммография усулида олиб борилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скринингига нодавлат тиббиёт ташкилотлари ҳам жалб қилинади.
Алоҳида мамнуният билан таъкидлаш жоиз. Президентимиз қарорига кўра, давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан юқоридаги ташхислар билан оғриганларни даволаш харажатлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши халқпарварлик, инсон қадр-қимматини улуғлашнинг ёрқин намунаси бўлди.
– Бу икки ташхис бўйича ишларни тубдан фаоллаштириш ташкилий ўзгаришларни ҳам талаб қилиши, замонавий тиббий аппарат, жиҳоз ва буюмларга эҳтиёжни оширса керак?
– Албатта. Туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида онконазорат хоналари учун акушер-гинеколог шифокор ҳамда мобиль ва стационар маммографлар ишини икки сменада ташкил этиш учун рентген-лаборантлар штатлари жорий этилади.
Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш ҳамда назоратини амалга ошириш учун Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят филиаллари полимераза занжирли реакция ускунаси, радиотўлқинли жарроҳлик қурилмаси, видеокамерали бинокуляр микроскоп, қўшимча стационар маммографлар билан таъминланади.
"Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор – "UZINFOCOM" МЧЖ билан биргаликда 2025 йил 1 майга қадар бачадон бўйни саратони скрининги ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш сифатини баҳолаш ва мониторинг қилиб бориш тизими ҳамда скрининг реестри юритилади. Скрининг дастурига киритилган аёллар билан онлайн боғланиб туриш учун мобиль илова, қулай ахборот алмашув усуллари қўлланилади.
Юртбошимиз қарорида мазкур масалага жамоатчиликнинг фаол эътиборини жалб қилиш ҳам кўзда тутилган. Жумладан, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси соғлиқни сақлаш ходимлари билан "маҳалла еттиликлари"га аёллар орасида онкологик касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш, даволаш ҳамда оқибатлари ҳақида тушунтириш тадбирларини ҳамкорликда ташкиллаш вазифаси юклатилди. Бир сўз билан айтганда, мазкур ҳужжат Ўзбекистон онкологиясининг икки муҳим йўналишини жаҳон андозалари даражасига олиб чиқишнинг мустаҳкам пойдевори сифатида тарихий аҳамият касб этади.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ
суҳбатлашди.