Миннатдорчилик хати

Ҳозирги кунда Президентимиз эътиборлари билан бизга ўхшаган меҳнат фахрийлари саломатлиги учун катта ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Айниқса, "Тез тиббий ёрдам" соҳасидаги ижобий ўзгаришлардан жуда хурсандмиз. Қачон чақирсак, вақтида етиб келади. Дарров саломатлигимизни текширишиб, бепул дори-дармонлар бериб, олқишимизни олишади.

Мен Тўрақўрғондаги "тез ёрдам"чилар хизматидан жуда миннатдорман. Анваржон бошчилигида элга ҳалол ва фаол хизмат қилишмоқда. Шулар ҳақида газетамизда алоҳида мақола ёритсаларинг, бошқаларга ибрат қилиб кўрсатсаларинг яхши бўлар эди. Кўп бор оғзаки раҳмат айт­ганмиз, энди матбуот орқали етказсаларинг, деган умиддамиз.

Раҳмонберди РАҲИМОВ,

Тўрақўрғон тумани Ҳамид Олимжон

номли маҳалла фуқаролар йиғинида

истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси,

2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс.

 

 

Таҳририятимизга Тўрақўрғон туманидан келган миннатдорчилик мактуби бизга ушбу мақолани ёзишимиз учун туртки бўлди. Ахир инсонларнинг эътирофига, олқишига муяссарлик ортида ҳамиша ҳалол ва фаол хизмат ётади. Унинг бошқаларга ибратли жиҳатларини тарғиб қилиш янада мароқли.

Ҳозирги пайтда инсон манфаатларини устувор билиш ва халқни тиббий хизматдан хурсанд қилишнинг барча имкониятлари муҳайёлиги врачлар, фельдшер ва ҳамшираларнинг замон талаблари даражасида иш юритишларига қулайлик туғдирмоқда. Энг муҳими, уларнинг нажотталаб беморлар олдида юзлари ёруғ бўлаётир. Республика тез тиббий ёрдам маркази Наманган вилоят ҳудудий филиалининг Тўрақўрғон туман шохобчаси мисолида ҳам буни яққол кўриш мумкин.

Аввало, бўлим мудири ҳақида қисқача маълумот: 1974 йили Ўрда маҳалласида таваллуд топган Анваржон Мажидов 1998 йили Андижон давлат тиббиёт институти сабоғини якунлаган. 2000 йил февралидан тез тиббий ёрдам тизимида шифокорлик фаолиятини бошлаган. Қарийб 25 йилки тўрақўр­ғонликлар хизматида. 2021 йил августидан эса бўлим мудири.

Айтишича, биринчи устози ўша пайтдаги бўлим мудири Муҳаммадсоли Давлатов бўлиб, илк бор чақирувга йўл олиши чоғида жуда керакли маслаҳат ва тавсиялар берган экан. "Сиз билан бизнинг икки муҳим вазифамиз бор. Биринчиси – чақирувга кечикмай етиб бориш, иккинчиси – хушмуомилалик билан тўғри ташхис қўйиб, тезда тиббий муолажа самарасига эришиш" дея уқтирганини бугун мамнун кайфиятда эслайди. Негаки, мана шу икки муаммога доимо ижобий ичим излаб, беминнат хизматини элдан аямаган Анваржон Мажидовнинг ўзи эндиликда ҳам жамоага раҳбар, ҳам ёшларга устоз мақомидадир.

– Президентимизнинг 2022 йил 16 июндаги "Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори тармоғимизда амалга оширилаётган қатор ижобий ўзгаришларнинг янада натижадор бўлишида муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди у алоҳида таъкидлаб. – Вилоятимиз бўйича ягона вертикал бошқарув тизими жорий қилинган. Энг замонавий махсус автомашиналарга йилма-йил эҳтиёжга мувофиқ эга бўлаётганимиз, зарур дори-дармонлар таъминоти тўкисланаётгани, илмий-техник воситалар ва ахборот-коммуникация технологиялардан изчил фойдаланаётганимиз учун ҳамиша хал­қимиз олқишига сазоворликка эришяпмиз.

Дарҳақиқат, тез тиббий ёрдамчиларнинг кечаги куни билан бугунгиси таққосланса, ер билан осмонча фарқ бор, десак ҳам асло муболаға эмас. Кейинги йиллардаги ўзгаришларнинг ўзиёқ фикримизни тасдиқлашга кифоя қилади.

Ҳозир туман "тез тиббий ёрдам"чилари тасарруфига 18 та автомобиль бериб қў­йилган. Жумладан, 5 таси "Volkswagen Caddy", "Хyundai", "Nissan" русумли энг замонавий автомашиналар бўлиб, улар билан чақирув тушган манзилларга барвақт етиб борилмоқда. Қолганлари "Дамас"лардир. Барча автотранспорт воситалари GPS-трекер билан таъминланган. Туманда битта марказий шохобча ва 10 та қишлоқ таянч пунктлари жамоаси кеча-кундуз аҳоли саломатлигини сақлаш ҳаракатида.

Вилоятда Call-маркази узлуксиз ишлайди. Қаерда яшашидан қатъий назар ким ўзида тиббий ёрдамга эҳтиёж сезса, "103"га қўнғироқ қилса бас, ўша заҳотиёқ чақирув ҳақидаги хабар бемор яшаётган ҳудуддаги бўлим диспетчерига узатилади. Биз борган вақтда марказда диспетчер Хуршида Нурматова навбатдаги хабарни қабул қилиб олаётган эди. У зудлик билан компьютер мониторингида яққол акс этиб турган бригадалар ҳаракати доскасига кўз югуртирди. Чақирув манзилига энг яқин жойда турган бригадани янги нуқтага йўналтирди. Кейин эса яна... Ҳа, уларнинг иши бетўхтов давом этаверади. Қуш тинса тинадики, "тез ёрдам"чилар сира-сира тинишмайди.

Марказдан ташқари гоҳ Шаҳанду Ахси, гоҳ "Олтин водий"у, " Ўзбекистон", гоҳ Яндамаю Қўрғонча, гоҳ Оқтошу Бураматут, гоҳ "Шарқ юлдизи"ю Ёртепа таянч пунктларидаги бригадаларга кетма-кет чақирувлар тушаверади. 26 нафар тармоқ врачлари қаторида яна тор доирадаги мутахассислар ҳам нав­батчиликка сафарбар қилинадилар. 14 та врачлик, 4 та фельдшерлик бригадаси ўз зиммасидаги вазифаларни талаб даражасида адо этиши устидан доимий назорат ўрнатилган. Шунинг учун врач, ўрта тиббиёт ходими ҳамда ҳайдовчидан иборат ана шу кичик жамоалар фаолиятидан эътирозлар эмас, эътирофлар кундан-кунга кўпаймоқда.

Аслида касбдошларнинг деярли барчаси ўз ишларининг чинакам жонкуярлари ҳисобланишади. Биз эса уларнинг энг ил­ғорлари исми-шарифларинигина қайд этиб ўтамиз: врачлардан Равшаной Низомова, Сурайё Абдусатторова, Акмалхон Ҳакимов, Фахриддин Шарофиддинов, Нигора Аҳмедова, Абдуҳаким Неъматов, Неъматилла Шералиевлар ҳар бир хастаҳолни синчиклаб текшириши, тўғри ташхис қўйиб, энг зарур муолажани буюриши, фельдшер-ҳамширалардан Мухторжон Тошмирзаев, Раҳима Комилова, Замира Тўйчибоева, Ёдгора Ортиқова, Нигора Муродова, Дилафрўз Раҳимова, Дилобар Собирова, Назира Эргашева, Шоҳсанам Мамажонова бетобларга беозор укол қилишнинг ҳадисини олишгани, ҳайдовчилардан Тўхтасин Ҳайдаров, Ғуломжон Усмонов, Хаитали Жўраев ва Хуршидбек Боситовлар машиналари рулини моҳирона бош­қариб, қайси маҳаллаю, қайси кўчага чақиришса, манзилларга энг яқин йўлдан, вақт­ни тежаб етиб боришнинг уддасидан чиқишаётгани туфайли элнинг ҳурмат ва ишончини қозонишмоқда.

– Республика тез тиббий ёрдам маркази ҳудудий филиали директори Адҳамжон Ирисбоев тармоқ ходимларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқдалар, – дейди туман бўлими бошлиғи Анваржон Мажидов. – Илғорларимиз мукофотлар билан сийланишмоқда. Касаба уюшма ташкилоти раиси Акрамжон Жумабоев маъмурият билан ҳамкорликда байрамларни тантанали нишонлаш, эҳтиёжи борларга моддий ёрдам кўрсатиш билан жиддий шуғулланмоқда. Натижада ходимларимиз меҳнат фаоллиги тобора ортиб, чақирувлардан доимо олқиш олиб қайтишмоқда.

Элга хизмат – олий ҳиммат. Кутилмаганда ҳамюртларимиз тоби қочиб қолганида ана шундай оқ халатли фидоийлар тиббий кўмакка ҳозиру нозирлар. Улар 56 турдаги дори-дармонларга тўла сумкаси билан уйларимизга кириб келар эканлар, беихтиёр инсон сифатида юксак қадр-қимматимиз бор Ватанда яшаётганимиздан беҳад фахрланиб кетамиз. Ўзларингиз ҳам бахтимизга омон бўлинг, азиз "тез ёрдам"чилар!

Содиқ САЙҲУН.

   Топ рейтинг www.uz