Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2024 йил 17 декабр­даги 384-сонли буйруғига биноан вилоят ССБ ҳамда Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси залларида Президентимизнинг ПҚ-415, ПҚ-311-сонли қарорлари ижроси юзасидан тиббиёт муассасаларини рақамлаштиришнинг долзарб масалаларига бағишланган икки кунлик ўқув-семинари ўтказилди.

Жойлардаги мазкур соҳа мутахассислари таклиф этилган тадбирда Ягона интегратор – "UZ INFOCOM" МЧЖ, "Рақамли ҳукумат", "IT park" мутахассислари D-MED ахборот тизими, Id.medhub.uz маълумотлар базасини шакллантириш ва улардан самарали фойдаланиш, беморларнинг статистик картасини mis.2 ssv.uz. ахборот тармоғига киритишнинг қулай, тезкор усулларини қўллаш бў­йича назарий ва амалий машғулотлар олиб бордилар.

– Тиббий хизмат сифат ва самарадорлигини оширишда рақамли технологияларнинг роли жуда ҳам катта, – дейди Косонсой ТТБ АКТ мутахассиси Моҳидил Ражабова. – Интеграциялашган IT дастурларидан оқилона фойдаланиш эса махсус билим ва малака талаб этади. Ўқув семинари шу жиҳатдан айни муддао бўлди. Мутахассислар рақамлаштиришни ниҳоясига етказиш, яратилган тизимларни муваффақиятли қўллаш йўл-йўриқларини мукаммал ўргатдилар.

Семинарда рақамлаштиришнинг бориши, вертикал тармоқларни жорий этиш бўйича эришилган натижалар, галдаги вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида ҳам таклиф-мулоҳазалар билдирилди.

Мутахассислар таъкидлаганидек, тиббиёт ходимларигина эмас, балки аҳолида ҳам рақамли тизимлардан фойдаланиш малакасини ҳосил қилиш долзарб масаладир. Бинобарин, тиббий ёрдамлардан баҳраманд бўлишни осонлаштиришга энг оммавий вертикал тармоқлар ҳам жалб этилмоқда. Масалан, барчага таниш ва яқин кўмакчига айланган My.gov.uz портали орқали саломатликни тиклаш масаласида онлайн тартибда мурожаат қилиниши мумкин. Юртдошларимизга шу имкониятни қўллаш тушунчаларини етказишнинг ўзи ҳам касалликларнинг барвақт олдини олиш, тезкор ва сифатли тиббий ёрдамни ташкил этишда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этади. Шунингдек, хизматлардан фойдаланиш учун OneID тизимида рўйхатдан ўтиш зарурлиги, айрим ҳолларда ЭРИ (элект­рон рақамли имзо) талаб қилиниши мумкинлиги ҳам кенг баён қилинди.

М. ОБИЛОВ.