Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор А.Х.Қўлдошев раҳбарлигида 18-19 декабрь кунлари жорий куз-қиш мавсумини беталофот ўтказиш мақсадида Қамчиқ довони ҳудудида РТТЁМ Наманган вилояти филиали, вилоят ИИБ ва фав­қулода вазиятлар вилоят бош­қармаси масъул ходимлари ҳамкорлигида қўшма ўқув-тактик машғулотлар ўтказилди.

А-373 "Тошкент-Ўш" автомобиль йўлининг 255-километрида ташкил этилган жараёнларда давлат тизими (ФВДТ) бошқарув органлари, куч ва воситаларининг табиий, техноген хусусиятли фав­қулодда ҳолатларнинг олдини олиш, оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлари синовдан ўтказилди. Саккизта ўқув нуқтасида шартли равишдаги фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилди.

РШТЁИМ НФ томонидан жалб этилган малакали врачлар, Поп тумани тиббиёт бирлашмасининг етук мутахассислари, "Резак" тез тиббий ёрдам шохобчаси жамоасидан иборат тиббий ёрдам отряди томонидан оммавий "жабр­ланганлар"га тиббий саралаш, жарроҳлик, травматологик, гинекологик, инфекцион, терапевтик, психоневрологик ёрдам кўрсатиш, клиник диагностика ўтказиш ҳамда дори-дармон, боғлов материаллари билан таъминлаш амалиётлари юқори малакали тарзда бажарилди.

Ўқув-тактик машғулотлар якунида вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси негизида ташкил этилган тиббий ёрдам хизмати сифати муносиб баҳоланди.

М. ОБИЛОВ.