"Чортоқ" болалар сиҳатгоҳида "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони соҳиблари иштирокида маърифий тадбир ўтказилди. Унга мазкур муассасада саломатлигини тиклаётган бир гуруҳ болалар, шифокор ва ҳамширалар таклиф этилди.

Учрашувни "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири, Турон фанлар академияси академиги, "Жасорат" ва "Соғлом турмуш" медаллари соҳиби Абдулла Ғозиев олиб борди.

Мамлакатимизда ёш авлод тарбияси ва келажагимиз ворисларининг комил инсон бўлиб вояга етказиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, айниқса "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили" Давлат дастури доирасида амалга оширилган хайрли ишлар ҳақида гапириб берилди.

Тадбир меҳмони, "Дўстлик" ордени соҳиби, Бутунжаҳон халқ ижодкорлари уюшмаси аъзоси, сурхондарёлик фахрий шифокор Жуманазар Мадиевнинг чиқиши қатнашчиларда айниқса катта қизиқиш уйғотди. Ижодкор йигит-қизлар маънавиятини юксалтириш, баркамол инсон сифатида шаклланишлари учун чуқур билим олишлари, жисмонан чиниқишлари, соғлом ҳаёт тарзига амал қилишлари муҳимлигига эътибор қаратди. Шеърлар ўқилди. Буюк бобокалонларимизнинг ўгитлари эсланди.

Учрашув ниҳоясида Жуманазар Мадиев ўзи ҳаммуаллифлик қилган "Саломатлик карвонининг ибратли йўловчилари" китобини сиҳатгоҳ кутубхонасига туҳфа этди.

Сиҳатгоҳ бош шифокори Анваржон Абдураҳмонов таниқли ижодкорларга ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган чиқишлари учун миннатдорчилик билдирди.