Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ўзбекис­тон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқишга бағишланган мажлисида Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2025 йилни юртимизда аҳолининг хоҳиш-истакларини атрофлича ўрганиб, билдирилган тавсиялардан келиб чиққан ҳолда "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили" деб эълон қилишни таклиф этди. Бу, албатта, нафақат залда ҳозир бўлганларни, айни вақтда кузатиб бораётган Ватанимизнинг барча аҳолисини беҳад хурсанд қилди. Ахир, кўркам табиатни ҳимоялаш, унинг яшил либоси бўлмиш – боғ-роғларни, майдон, гузар ва кўчалардаги дов-дарахтлару гул-гиёҳларни қадр­лаш бугунга келиб янада долзарб масалага айланиб қолди.

Яшириб нима қиламиз, бу борада кўнгилни ранжитувчи ҳолатлар гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда такрорланиб қолмоқда. Энг ёмони, турли-туман баҳоналарни рўкач қилиш билан ўзимизни оқлашдан фойда йўқ. Негаки, битта кесилган ёки сувсизликдан чан­қаб қуриган дарахт бизга ҳар куни, ҳар соат, ҳар дақиқа яшашимиз учун кўзга кўринмас, аммо бебаҳо ҳаётбахш кислород тайёрлаб берувчи кичик табиий "фабрика" эмасми?! Бу ҳам етмагандек заҳарли газлардан ҳавони тозалаб берувчи япроқ-фильтр­ли меҳрибон дўст эканини, уларни қадрлаш – ўзимизни қадрлаш билан теппа-тенглигини чуқур ўйлаб кўрсак, ўзимиз қилаётган ишдан ўзимиз ҳижолат тортмасликка асло иложимиз йўқ.

Юртбошимиз жон куйдириб айтганларидек, ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эррозияси, чўлланиш, қазилма ёқилғиларни беҳисоб ишлатиш глобал исишга, табиий офатларнинг кўпайишига олиб келмоқда, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига зарар етказмоқда. Бунга асло бефарқ қараб туролмаймиз. "Яшил макон" умуммиллий ҳаракатидан ҳеч ким четда қолмаслиги зарур. Ота-боболаримизнинг "Кўчат экинг, боғ яратинг!" деган уқтирги даъватлари замирида ҳам авлодларнинг нафақат бугунги, балки эртанги ҳаёти яхши бўлиши учун қайғуриш туйғуси ётибди.

Ҳар туп ниҳол худди инсон боласи каби парваришга, меҳр-эътиборга муҳтож. Кўчат экиш ҳам биру, уни вақтида суғориш, остини юмшатиш, озиқлантириш ҳам бир. Биз эса кўпроқ эккан кўчатларимиз сонини айтиш билан мақтанишга ўрганганмиз. Қанчасини кўкартирдик? Қанчаси мевага кирди? Қанчаси шохлаб, соя сола бошлади? – деган саволлар ҳам борлигини унутиб қўямиз. Бошлаган эзгу ишларимиз натижаси муҳимлиги хаёлимиздан фориғланади. Шунинг учун йўл бўйларида қуриб қолган мевали дарахт ниҳоллари, арча ва шунга ўхшаган манзарали кўчатларнинг сарға­йиб, сўлиётганига кўзимиз тушади. «Эҳ, уларни экишга, етиштиришга қанча меҳнату машаққат, қанча пул-маблағ сарфланган-а?!» деган афсус-надомат ўйлари юрагимизда ачиниш уйғотади.

Ота – боболаримиз анъаналарининг ҳаётимизга қайтаётганида, яъни турли-туман ниҳоллар экиш, боғлар яратишда хосият катта. "Ухлаган" кўчатлар кўкламда барвақт уйғонади, гуркираб япроқ ёзади, манзараси кўзни қувонтиради. Азиз замондош, кесишга эмас, экишга моҳир бўлайлик! Уй-жой қуриш учун дов-дарахтларга қирон келтирмайлик. Савоб турганда гуноҳга ботмайлик! Қонун талабларини бузмайлик! Сизнинг дарахткушлик қилганингизни тўлаган жаримангиз ҳеч қачон оқлай олмайди. Барибир, ҳозирги авлод олдида юзингиз шувитлигича қолаверади. Шуни сира-сира уйда ҳам, маҳаллада ҳам, ишхонангизда ҳам ёдингиз­дан чиқарманг!

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.