- Бу бизнинг вазифамиз, болаларнинг дардини чекинтиришга эришсам, ич-ичимдан хурсанд бўлиб кетаман. Ахир ўзим ҳам онаман-ку! - деди юзларига табассум ёйилган оқ халатли нажоткор аёл.
Кейин билсак у Саидахон Саидова экан. 1991 йилда Андижон Давлат, тиббиёт институтини тугаллагач, қарийб чорак асрдан буён ота-оналарга қувонч бағишларкан. Дастлаб Олчин қишлоқ-врачлик пунктида, сўнг Шаҳанд қишлоқ шифохонасида кичикларни даволаган бўлса, 2012 йилдан буён туман шошилинч тиббий ёрдам бўлимида фаолият юритиб келаркан.
Сўраб билдикки, Абдулазиз Маматқулов, Насиба Кенжаева сингари устозларидан малака ўрганган педиатр бугунги кунда ўзига муносиб шогирдларга ҳам эгадир. Айниқса, Валижон Мамажоновнинг эл олқишини олаётганидан устоз сифатида фахрланади.
Чуқур билиму юқори малака учун интилишни ўзига касб айлаган шифокор Саидахон Саидова Нигора Шодмонова, Мунаввар Жўраева, Лобархон Нажимова сингари ҳамширалар билан биргаликда бўлимга келтирилган бемор болаларни саноқли кунлардаёқ соғайтиришга эришаётир. Набирамни даволаш пайтида кўриб-билдикки, ёртепалик Азизбек Тўхтабоев, Хонгули Умархонова, поросмонлик Азизбек Солибоев сингари бетоб болалар ҳам қисқа фурсатда соғликларини тиклагани учун уларнинг ота-оналари меҳридарё врач-педиатрнинг ҳалол хизматидан мамнунлик туйдилар. Шундай шифокорлар кўпаяверсин! Уларнинг борлиги, беморларнинг омаду бахти эканига ҳеч шубҳа йўқ.
Усмон ЖЎРА,
Тўрақўрғон туманидаги Бордимкўл маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси.