Вилоят марказидан 96 километр узоқликдаги қишлоқ шифохонаси замонавийлаштирилган ҳолатда фойдаланишга топширилди.
Поп тумани Чодак қишлоғида муҳтарам Президентимизнинг махсус қарори ижроси доирасида замонавий кўринишдаги қабул бўлими, УЗИ, ЭКГ, клиник биокимёвий лаборатория, физиотерапия, кардиология, неврология, ички терапия бўлимларини ўз ичига олган 55 ўринли тиббиёт маскани аҳоли саломатлиги учун хизмат қилишга топширилди.
Байрамона тус олган тақдимотда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов чодакликларни бугунги кун талабларига мос шифохона билан табриклади.
Таъкидлаш жоиз, Президентимизнинг тегишли топшириқлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги Чодак қишлоғини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларига қаратилган қарори асосида мазкур гўшада умумий қиймати 279,1 миллиард сўмлик 257 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги
Ахборот хизмати.