Вилоятимизда айни пайтда 80 минг нафардан зиёд ногиронлиги бор фуқароларимизнинг жамиятда ўз муносиб ўрнини ҳис қилиб яшаши, ўқиши ва меҳнат қилиши, ижтимоий имтиёзлардан фойдаланиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

2024 йилнинг ўтган даврида 994 та оддий ва 161 та электрон юритмали ногиронлар аравачалари, 1315 та протез-ортопедия маҳсулотлари, 651 та эшитиш мосламалари каби реабилитация техник воситалари ҳамда 1591 та қўлтиқ-таёқ, ҳасса ва юриш мосламалари етказиб берилиши таъминланди.

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни Наманган шаҳридаги "Шердор" тантаналар мажмуасида ўтказилган байрам тадбирида ногиронлиги бор ҳамюртларимизга яна бир бор меҳр-оқибат кўрсатилди.

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бў­йича олиб борилаётган тизимли ишлар ҳақида тўхталиб, бу йил бўлиб ўтган Париж паралимпиадасида катта ютуқларга эришган наманганлик спортчиларни алоҳида эътироф этди.

Ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этаётган бир гуруҳ юртдошларимизга секторлар раҳбарлари томонидан "Ташаккурнома" ҳамда эсдалик сов­ғалари топширилди.

"Бир пиёла чой" баҳона дилдан суҳбатлашиб, санъаткорларнинг шўх куй-қўшиқларига рақсга тушган иштирокчилар кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар учун миннатдорлик билдирдилар.

Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.

 

ШУКУР БИЛАН ЯШАЙМИЗ

Нутқим ғализ, эрим қулоғи оғир,

Аммо бут оқибат, имон, қалб, бағир,

Давлат бор бергувчи беминнат меҳр,

Аллоҳга ҳамд, шукур билан яшаймиз.

 

Бироқ нодон кимса қилади ҳазар,

Маросимга айтмас, эвоҳ, алҳазар,

Давлат бор, қадрлаб, солгувчи назар,

Аллоҳга ҳамд, шукур билан яшаймиз.

 

Ҳар кимга соларкан ҳар хил синовлар,

Яхшилар мискинлар кўнглини овлар,

Қадр-қиммат вужудни яшашга довлар,

Аллоҳга ҳамд, шукур билан яшаймиз.

 

Навоий тенглатган дил хушлаганни

Қайта тикламоққа вайрон Каъбани,

Эй саховат аҳли, сиз шундай ғани,

Аллоҳга ҳамд, шукур билан яшаймиз.

Раҳима НУРАЛИЕВА.

Наманган шаҳри.