ёхуд лоқайдлик ва бепарволик қимматга тушмасин!

Ярим тун. Ҳамма уйқуда. Сукунатни оловнинг гуриллаши бузди. Сал ўтмай, шовқин-сурон кўтарилди. "Ёрдам беринглар, одамлар!", "Уйимизда ёнғин чиқди, ёнғин!" деган илтижоли ҳайқириқ қулоқларга чалинди. Қўни-қўшнилар ҳам ўша заҳоти уйқуни унутишди. Барча оёққа қалқиди. Ўзини ташқарига отди. Қарашсаки, олов осмонга ўрлаяпти, шуъласи ҳамма ёққа тарқаб, "чарс-чурс", "қасур-қусур", "гур-гур" тобора авжига чиқмоқда. Ранги докадек оқарган аёл "101 га қўнғироқ қилинглар!" деганича уввос тортаяпти. Бир пастда маҳалла аҳли ёнғин қоплаган хонадонни қуршаб олди. Кимлардир пақир кўтариб ҳовузга, кимлардир "водапровод" тармоғига чопяпти. Кимлардир уй эшигини тепиб очиб, қўлга кирган нарсаларни ташқарига ирғитяпти. Уй эгалари ваҳима ва саросимада гангиб қолган. Уларга таскин бериб, бошига тушган кулфатга ҳамдардлик билдириляпти. "Кўпам қайғураверманглар, мол-мулк ҳам, уй ҳам топилади, жонларинг омон қолибдику?! Маҳалла-кўй ҳам қараб турмайди...".

Саноқли дақиқаларда ўт ўчирувчиларнинг сув тўла машиналари пишқиришиб, ҳодиса жойига етиб келди. Махсус гуруҳ шоша-пиша ишга киришиб кетди. Одамларнинг қаторлашиб пақир-пақир сочаётган сувларига писанд қилмаётган ёвуз олов энди юқори босим билан шланглардан пуркалаётган бетўхтов сув оқимига дош беролмай қолди. Аста-секин шаштидан тушди. Сўнгра сўна-сўна, атрофни аччиқ тутунга тўлдирди. Ўт ўчирувчиларнинг марду майдонлиги туфайли олов тезда жиловланди. Лекин кечагина қадди-қомати билан маҳаллага кўрк бағишлаб турган чиройли ва ҳашаматли бино қўққисдан ғойиб бўлди. Ўрнида эса қорайган чордевор мунғайиб ётарди. Афсус ва минг афсус.

Савол туғилади: Ким айбдор бунга? Жавоб ҳам аниқ: Уй эгалари! Уларнинг ло­қайд­лиги,ғафлатда яшаётгани шундай офатга йўл очди.

Анор донасидай гар чақнаса чўғ,

Бир уйни ёндириб қўйгуси ногоҳ.

Жондан бошқасини шунда ўйлаш йўқ,

Ташлаб чиқилар то ягона паноҳ.

Дарҳақиқат, уйи куйганнинг аҳволидан ҳам оғирроқ кулфат бўлмаса керак. Йиллаб заҳмат чекиб қурган биноларию, топган-тутганлари бир неча дақиқаларда куйиб кулга айланади. Мабодо,ҳеч нарсани сезмай, тошдай қотиб ётаверишганида аҳволлари бундан-да баттар бўлиши мумкин эди-ку! Айримларда ёмон одат илдиз отгани кўзга ташланади. Улар кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишга беписанд қарашади. Содир бўлгач, минг бора пушаймон чекишади-ю, бундан эса заррача наф чиқмайди. Баъзиларнинг кўзи ана шундай кеч очилади.

Қиш – ҳаммамиз учун ҳар жиҳатдан синов фасли. Айниқса, икки тармоқдан, яъни электр токидан, "зангори олов"дан фойдаланиш чоғидаги хавф икки карра ортади. Яъни электр иситиш анжомларининг турли-туманлиги, созу носозлиги, симлардаги "зўриқиш"нинг меъёридан ошиб кетиши ўз-ўзидан кутилмаган кўнгилсизлик юз бериши эҳтимолини кучайтиради. Газнинг эса кўзга кўринмас портлагич эканини ким ҳам инкор этарди. Фақат ҳидидан сезишингиз мумкин хонада "пайт пойлаб" ҳавога қўшилиб олганини. Гугурт чақишнию қўйиб турайлик, токни улаб-узувчи включателга бармоғингизни боссангиз бас, ичида чақнаган учқун оқибатида эшик-деразалар бир муддат очилмасдан димланиб ётган газ шиддат билан уйни бошига кўтаради. Тирик жоннни куйдириб юборади. Эҳтиёткорликни унутганларни ана шундай қаттиқ" жазолайди". Демак, билиб-билмай ўзингизгга ўзингиз душманлик қилиб қўйсангиз, тамом... агар тирик қолсангиз ҳам ит азобига тушмаслигингиз асло мумкин эмас!

Мамлакатимизда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратилади. Ҳар йили куз охирлаб, қиш бошланиши билан бу борада махсус ойлик эълон қилинади. Бу йил ҳам 15 ноябрдан 15 декабрга қадар ташкилланган долзарб тадбир ғоят уюшқоқлик билан ўтказилиб, муваффақиятли якунланмоқда. Тарғибот-ташвиқот ишлари соҳа мутахассислари томонидан изчил олиб борилмоқда.

Аслида ёнғин хавфсизлик қоидалари ҳар биримиздан ҳар доим беҳад ҳушёрликни, юксак масъулиятни талаб этади. Хоҳ давлат, хоҳ нодавлат муассасаси, ташкилоти, корхонаси бўлсин, аввало, раҳбарлари, қолаверса ходимлари, иситиш тизимларига, электр таъминотига мутасадди шахслари буни ҳамиша эсда тутишлари шарт. Айни маҳалда уй-жой, хонадон эгалари ҳам ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишлари зарур. Акс ҳолда фалокат рўй бериш эҳтимоли кучаяди. "Кўза кунда эмас, кунида синади" деган мақолни халқимиз бежиз тўқимаган. Лоқайдлик ва бепарволикнинг оқибати уқубатли бўлиши шак-шубҳасиз.

Шундай экан, кичикми-каттами барибир ёнғиннинг олдини олиш умумхалқ ишига айланмоғи ғоят муҳим. Барча даволаш-профилактика муассасаларида бирламчи ёнғин ўчириш анжомлари, ёнғин хавфсизлиги қалқонлари, енглик ва дастаклар шай ҳолатда туриши керак. Мавжуд ҳавзалар сувга тўла туриши лозим. Ёнғин ҳавфсизлиги бўйича ишчи ходимлар ва беморлар ўртасида тар­ғиботни изчил давом эттириш мақсадга мувофиқ.

Огоҳлик ва ҳушёрлик – хотиржамлик гарови. Ўзининг ва ўзгаларнинг тинчлигига лоқайд қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Содиқ САЙҲУН.